2024 йил 7 февралдаги президент қарори, билан Тошкент давлат иқтисодиёт университетига Молия ва Фискал институти қўшилиб, ягона Иқтисодиёт университети ташкил қилинди. Қарорга кўра, 2023/24 ўқув йилидан бошлаб Молия ва Фискал институтида таҳсил олаётган битирувчи курс талабаларига янги университет дипломи берилади. Бу учта олийгоҳнинг 2- ва 3-курсга ўтган талабалари ўқишини тегишлилиги бўйича мақбуллаштирилган таълим йўналишларига кўчиради.

Бундан аввалроқ, 2023 йилнинг ноябрида Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Молия институти Сергели туманига кўчирилиш эҳтимоли йўқ эмаслигини маълум қилган эди.

Иқтисодиёт университети ректори Тўлқин Тешабоев шу ва бошқа масалалар юзасидан Kun.uz'га маълумот берди.

Унинг сўзларига кўра, олийгоҳларнинг Сергели туманига кўчирилиши ҳақидаги миш-мишлар асоссиз. Учта ОТМнинг жами 13 та объектси қайта ташкил этилган Тошкент давлат иқтисодиёт университети тасарруфида қолади.

Ўзимга ҳам кўпчилик қачон Сергелига кўчасизлар, деб савол беради. Қарорда аниқ кўрсатиб ўтилган, барча бинолар университетнинг ўз тасарруфида қолади. Сергелига кўчиш масаласи олдимизга қўйилмаган”, – деди ректор.

Унинг қўшимча қилишича, Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари ТДИУнинг кузатув кенгаши этиб белгиланган. “Барча фаолиятларимиз кузатув кенгаши билан келишилган ҳолда амалга оширилади”, – деди Тўлқин Тешабоев.

Талабалар тақсимоти

ТДИУ ректорига кўра, кейинги йилдан Молия ва Фискал институтларининг иқтисод йўналишида ўқийдиган талабалари Иқтисодиёт университетига келиб ўқийди; молия, банк йўналишидаги талабалар собиқ Молия институтига кўчирилади. Шунингдек, солиқ йўналишидаги талабалар ҳам собиқ Фискал институтида ўқишни давом эттиради.

Факултетларни бундай тақсимлашдан талабалар қийналмаслиги мақсад қилинган. Улар бир кунда битта бинода ўқишлари керак. Энди улар бир соат бошқа бинода ўқиб, бир соат бошқа бинода ўқишларига тўғри келмайди. Ҳам ижтимоий йўналишда, ҳам йўл харажатларини инобатга олган ҳолда шундай қарорга келинди