Бу икки урушнинг келиб чиқиш сабаблари Ироқнинг ҳудудий даъволари, Эроннинг ислом инқилобини экспорт қилиши ва албатта, нефтга бой мамлакатнинг яна нефт илинжидаги очкўзлигига бориб тақалади. Зотан, Ироқдаги нефт активларини миллийлаштириб, аҳоли турмушини яхшилагани сабаб катта обрў қозонган Саддам энди Эрон ва Кувайтдаги нефтга бой ҳудудларни ҳам эгаллаб олмоқчи бўлганди.

1980-1988 йилларда рўй берган Эрон–Ироқ уруши 1979 йилги чегараларга қайтиш билан якунланди. Ироқ томонидан 1990 йилда босиб олинган Кувайт эса кўп ўтмай халқаро коалиция кучлари томонидан озод этилади, шундоғам урушлар сабаб оғир аҳволдаги Ироқ иқтисодиёти санкциялар остида қолади.

2003 йилга келиб, Ироқда оммавий қирғин қуроллари бор деган важ билан, АҚШ бошчилигидаги коалиция Ироққа бостириб кириб, Саддам Ҳусайн режимини ағдарди, лекин Вашингтон даъво қилган қуроллар топилмади, урушдан кейинги барқарорлик ва демократия ваъдалари ҳам ушалмади.

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури бугунги сонида Яқин Шарқдаги бугунги статус-квонинг шаклланишида асосий ўрин тутган давлатлардан бири – Ироқ ҳақида сўз юритамиз. Экспертларимиз – сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов, Бектош Бердиев ва Шавкат Икромов.

— Саддам Ҳусайннинг ҳукмронлиги давридаги Эрон-Ироқ уруши нима сабабдан бошланди?

Бектош Бердиев: — Бунинг учун олдин 80-йиллардаги Яқин Шарқдаги вазиятни таҳлил қилиш керак. Эронда Ислом инқилобидан кейин бу инқилоб бутун Яқин Шарқда тарқалиши эҳтимоли бор эди. Форс кўрфази араб давлатлари бу инқилоб эскалациясидан қўрқар эди. Эрон диний раҳнамоси ҳам араб давлатларидаги сиёсий режимлар Ислом шариатига тўғри келмайди, деб айтарди. Айниқса, Ироқдаги Баас партияси фаолияти исломга зид, деган.

Ўша пайт айни ҳокимиятга келган Саддам Ҳусайн баъзи ҳолатларда босар-тусарини билмай қоладиган даражада куч-қудрати бор эди. Ироқ ва Эрон ўртасида доимий низолар бор эди, чунки Саддам Ҳусайн суннийлардан, Ироқнинг кўпчилик аҳолиси эса шиалар. Бу эса Эронга ёқмасди, бундан ташқари, чегаравий муаммолар, оролларга талашишлар. Эроннинг жануби-ғарбида яшовчи араблар бор, улардан ҳам Саддам Ҳусайн ўз йўлида фойдаланишга ҳаракат қилади. Ўртадаги низо маълум маънода пишиб етилган эди. Саддам Ҳусайнга агар Эронга қарши ҳужум қилсанг, бемалол босиб ололасан деган мақсадли ёлғон ахборотлар берилади. Бундан илҳомланган Саддам ўз кучига ишониб, Ироқ-Эрон уруши бошланади. У пайтда инқилобдан кейин Эронни кўплаб ҳарбийлар ва саноатчилар ҳам тарк этиб, кризис ҳолатида эди, буни ҳам кўрган Саддам.