08:51 / 29.06.2024
20266

Доғистонда Нурмагомедов спорт мактабида тинтувлар ўтказилди

ОАВ маълумотларига кўра, Маҳачқалъадаги Абдулманноб Нурмагомедов номидаги яккакураш мактабида ўтказилган тинтувлар Доғистонда 23 июн куни содир бўлган терактлар билан боғлиқ. Қўлга олинганлар ҳақида маълумот йўқ.

28 июн, жума куни Доғистонда Абдулманноб Нурмагомедов номидаги аралаш яккакураш спорт клубида Маҳачқалъа ва Дербентда содир этилган терактлар иши бўйича тинтув ўтказилди, деб хабар берди Россия ахборот агентликлари ва Telegram-каналлари.

«Интерфакс» ҳуқуқ-тартибот идораларига таяниб хабар беришича, ҳужжатлар текширилмоқда. «Йўқ қилинган жангчилардан бири аввал ушбу клубда шуғулланган», деди агентлик манбаси. ТАСС манбасининг хабар беришича, Маҳачқалъадаги яккакураш мактабида «тезкор-қидирув тадбирлари» ўтказилмоқда. Қўлга олинганлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ, деди у. 

Shot’га кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Доғистондаги терактлар иштирокчиси Гажимурод Кагиров билан яқин алоқада бўлган ва яқин орада сўроқ қилиниши мумкин бўлган уч нафар мактаб жангчисини аниқлаган. Мактаб бош мураббийи ва бошқа спортчилар сўроқ қилинган, ҳужжатлари текширилган, деди канал манбаси. 

Хавфсизлик кучлари Нурмагомедов номидаги клубни кетма-кет иккинчи кун текширмоқда, деб ёзади Mash. Канал маълумотларига кўра, бир кун олдин улар машғулотларни тарк этаётган спортчиларнинг ҳужжатлари ва телефонларини текшириб, терактдан олдин Кагиров билан ким мулоқот қилганини сўрашган. Шунингдек, полиция яқин атрофдаги муассасалар ва спорт залларини ўраб олди. 

Доғистондаги теракт

23 июн оқшомида бир неча қуролланган шахс бир вақтнинг ўзида Маҳачқалъа ва Дербентдаги черков ва синагогга ҳужум қилди. Оқибатда 21 киши, жумладан, 15 полициячи ва Росгвардия аъзоси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланган. Беш ҳужумчи отиб ташланди.

ОАВ маълумотларига кўра, терактда иштирок этган ва хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилган жангарилардан бири - Абдулманноб Нурмагомедов номидаги мактабда машғулот йиғинида қатнашган ММА жангчиси Гажимурод Кагиров. Mash ва Shot уни мактабнинг собиқ тарбияланувчиси деб аташган. 

Бироқ UFC собиқ чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов Маҳачқалъа ва Дербентдаги синагога ҳамда черковга ҳужум қилганлар отасининг спорт клубига алоқаси йўқлигини айтди. Спортчининг сўзларига кўра, Кагиров 2021 йилда ушбу спорт залида «бир-икки ой»гина «битта йиғин»дан ўтган. 

Top