15:50 / 01.07.2024
3036

Хоразмда 2,2 млрд сўмлик электр энергияси ўғирланди

Урганч туманидаги МЧЖлардан бирининг раҳбари хўжалик ер майдонларини суғориш учун сув насосларини тармоққа яширинча улаб фойдаланиб келаётгани фош этилди. У жами 2,2 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.

Фото: Прокуратура департаменти

Республиканинг бир нечта ҳудудида электр тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Урганч туманида фаолият юритувчи “В.Б.” МЧЖ раҳбари Б.Р. хўжаликнинг ер майдонларини суғориш учун сув насосларини тармоққа электр ҳисоблагичдан ташқари яширинча улагани аниқланган. Бунинг оқибатида 2,2 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.

Шу каби, департаментнинг Бухоро вилоят бошқармаси ва ҳудудий ЭТК ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбирида “У.Б.” фермер хўжалиги раҳбари У.Р. хўжалик сув насосини тармоққа яширинча улаб, 223,5 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Шунингдек, департаментнинг Қўшработ туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда ў “Н.У.” ва “Қ.Д.” фермер хўжаликлари раҳбарлари ер майдонларини суғориш учун сув насосларини ўзбошимчалик билан тармоққа улагани фош этилган. Бунинг оқибатда жами 215,3 млн сўмлик электр энергияси ўғирланган.

Департаментнинг Фарғона туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда эса “В.Ж.” фермер хўжалигида ҳамда ЯТТ А.А.нинг автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчасида ўрнатилган электр ускуналари ҳисоблагичдан ташқари электр тармоқларига улангани фош этилган. Бу орқали 146,2 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top