11:37 / 02.07.2024
5306

Шавкат Умурзоқов маҳаллий кенгаш депутати этиб сайланди

Тошкент шаҳар ҳокими бўшаб қолган депутатлик ўрнига ўтказилган сайловда ғалаба қозониб, халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг депутати бўлди.   

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов маҳаллий кенгаш депутати этиб сайланди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 104-сессияси бўлиб ўтган. 

Сессияда Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссияси раиси Абдулла Магрупов ҳудудда бўшаб қолган депутатлик ўринларига бўлиб ўтган сайлов натижалари тўғрисида маълумот берган. Унга кўра, Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани “Туркистон-53” сайлов округида бўшаб қолган депутатлик ўрнига Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзоди кўрсатилган Шавкат Умурзоқов халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг депутати этиб сайланган. 

Сессия кун тартибидан Яккасарой ва Янгиҳаёт туманларидаги айрим аҳоли пунктларининг таркибий қисмларини номлаш ва қайта номлаш, Тошкент шаҳридаги муқобил корхоналар томонидан маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини такомиллаштириш каби масалалар ҳам ўрин олган.

Эслатиб ўтамиз, Сайлов кодексига кўра, тегишли маҳаллий кенгашнинг ваколат муддати тугашига олти ойдан кам вақт қолганида депутатнинг ўрни бўшаб қолган тақдирда, бўшаб қолган ўринга янги депутат сайлови ўтказилмаслиги мумкин.

Top