Жаҳон | 15:24 / 03.07.2024
15413
8 дақиқада ўқилади

«Аввал ўт очишни тўхтатиш керак». Орбан ва Зеленскийнинг Киевдаги музокаралари қандай ўтди?

Фото: impresa.pt

Венгрия бош вазири Виктор Орбан Киевда Володимир Зеленскийга ўт очишни тўхтатиш ва Владимир Путин билан музокаралар столига ўтиришни таклиф этди, бу билан эса москвапараст сиёсатчи сифатидаги репутациясини тасдиқлади. Орбан Украинага Венгрия ярим йил муддатга ЕИ кенгашига раҳбарликни ўз зиммасига олган куннинг эртасига келди. BBC ушбу ташриф якунлари ҳақида ёзди.

«Ташрифнинг асосий мавзуси — тинчликка эришиш имкониятлари», — дея учрашув кун тартибини тасвирлаганди Орбаннинг матбуот котиби Берталан Ҳавашининг сўзларини келтирган ҳолда Reuters агентлиги.

«Бугун биз адолатли ва узоқ муддатли тинчликни қандай таъминлаш ҳақида гаплашамиз», — дея ёзганди Зеленский ўз телеграм-каналида.

Аммо музокаралар якунларига кўра келишув истиқболлари ҳақида фақат Венгрия бош вазири баёнот берди.

«Тинчлик бу — муҳим масала. Сизлар яшаётган уруш шароити айни пайтда Европа хавфсизлигига ҳам интенсив таъсир ўтказмоқда. Биз, албатта, жаноб Зеленскийнинг тинчликка эришиш бўйича барча ташаббусларини юқори баҳолаймиз. Мен Зеленскийга бу ташаббуслар жуда кўп вақтни талаб этишини айтдим. Айнан халқаро дипломатия қоидаларига кўра улар жуда мураккаблаштирилган», – дея Орбандан иқтибос келтирган «Интерфакс-Украина».

« Мен Зеленскийдан бошқача йўл тутиш ҳақида ўйлаб кўришни сўрадим: аввал ўт очишни тўхтатиш, сўнгра тинчлик ҳақида музокаралар ўтказиш. Чунки ўт очишнинг тўхтатилиши бундай музокараларнинг тезлашишини таъминлаши мумкин», – деган Орбан музокаралардан кейин ўз ташаббуси моҳияти ҳақида.

Володимир Зеленский Орбаннинг таклифига жавоб бермаган, фақат украинларнинг «тинчлик формуласи»ни муҳокама қилиш учун Швейцарияда ўтказилган тинчлик саммитидаги коммюникени қўллаб-қувватлагани учун Венгрияга миннатдорчилик билдирган.

«Формула»нинг ўнта пункти қаторида — Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш, Россия қўшинини Украина ҳудудидан олиб кетиш, Россияга товон пули тўлатиб, жазолаш кабилар ўрин олган.

Москва эса ўт очишни тўхтатиш ва музокараларни бошлашга тайёрлигини маълум қилган, аммо бунинг учун Киевга қатор шартлар қўйган: украин қўшинларини Луҳанск, Донецк, Запорижжя ва Херсон областларидан олиб чиқиш, НАТОга аъзо бўлиш режасидан воз кечиш, Россияга қарши санкцияларни бекор қилиш ва ҳоказо.

Ғарблик кўплаб шарҳловчилар фикрича, ўт очишни тўхтатиш Москвага шунчаки кейинги юриш олдидан нафас ростлаш ва куч тўплашга имкон беради.

Аммо Орбан ўз ташаббусида қаттиқ туриб олмади ва Украинанинг аргументларини қабул қилди, дея қайд этади «Украинская правда».

«Мен президентдан унинг бу масаладаги очиқ фикри учун миннатдорман», — деган у ва Зеленскийнинг позициясини Евроиттифоқнинг бошқа етакчиларига етказишни ваъда қилган.

Бу Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан буён Москванинг Европа иттифоқидаги асосий иттифоқчиси саналадиган венгрлар бош вазири илк бор Киевга келиши бўлди. У ўз лавозимидаги қарийб 10 йил давомида Украинага келмаганди.

Орбан ва Зеленскийнинг бундан олдинги қисқача учрашуви июн ойи охирида Брюсселдаги саммит доирасида бўлганди, тарқалган фото ва видеоларга қараганда, ўшанда томонлар агар зиддият киришмаган бўлса, камида ҳиссиётга эрк бериб гаплашишганди. Айнан Венгрия бироз аввалроқ Киев Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромадлардан фойдаланишига вето қўйганди ҳамда Украинанинг ЕИга аъзолиги бўйича музокаралар бошланишини блоклаш билан таҳдид қилганди.

Москва билан бирга, Киевга ёрдамга қарши

Орбан Киевга Венгрия кейинги олти ой учун ЕИ кенгашига раислик қилишни бошлаганидан бир кун ўтиб келди. Бу ярим йиллик Евроиттифоқ учун «синов» бўлади, дея мазкур режали ротацияга муносабат билдирган Полша бош вазири Доналд Туск, у Будапештнинг умумевропа сиёсатининг кўплаб масалаларидаги алоҳида роли ва позициясига ишора қилган.

Венгрлар бош вазири Москва билан алоҳида муносабатларини яширмайди. Орбан Россиянинг кенг кўламли босқинидан кейин Владимир Путин билан шахсан кўришган (бу 2023 йл октябрида Хитойда бўлганди) ва Венгрия ҳеч қачон Россияга қарши туришни истамаслиги ҳамда иккитомонлама алоқаларни давом эттиришни хоҳлашини очиқ айтган.

Евроиттифоқ миқёсида Венгрия жанг олиб бораётган Украинани қўллаб-қувватлаш дастурларини мунтазам равишда блоклаб келади, бундай масалалар бўйича қарор эса бир овоздан маъқуллашни талаб этади.

Айнан Будапештнинг ветоси Украинага Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромадни юборишни бир неча ҳафтага кечиктирганди. Венгрия ўз позициясини Киевга қурол етказиб берилишига шерик бўлиб қолишни истамаслиги билан изоҳлаган.

Айнан Венгрия Украинанинг Евроиттифоққа аъзо бўлиши бўйича музокаралар бошланишига тўсқинлик қилган ва бу формал талабларга жавоб бермаслигини рўкач қилганди. Якунда Орбан Киев Будапештнинг Украинанинг Карпатортидаги венгрлар озчилиги ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича талаблари бажарилиши эвазига музокаралар бошланишини қўллаб-қувватлашга розилик беради.

Маълумки, Венгрияни кўндиришга ёки унга босим ўтказиб, муроса йўлини топиш ёки унинг қаршилигини четлаб ўтишга уринишлар европалик мулозимлар ва дипломатлардан кўп куч ва вақт талаб этади.

Баъзида улар ҳийла ишлатишига тўғри келади. Масалан, ЕИ етакчилари Киев билан Евроиттифоққа аъзо бўлиш бўйича музокаралар жараёнини бошлаш тўғрисида келиши олиши керак бўлганида, Германия канцлери Олаф Шолц Орбанни «қаҳва ичиб келиш»га таклиф қилади — бундан қарорни венгрлар бош вазири йўқлигида қабул қилиш мақсад қилинганди, ўз навбатида у ҳам бу қарор учун овоз бермаганини айта оларди.

Эндиликда, Венгрия вақтинча ЕИ кенгашига раҳбарлик қилаётганида, Орбан Киев билан муносабатларни яхшилашни хоҳлаши мумкин, деб ҳисоблайди украиналик политолог Володимир Фесенко. «Венгрлар бош вазири ўз раислигини барбод қилмаслиги, бу даврни можароли ва алалоқибат муваффақиятсиз ўтказмаслик учун ЕИ раиси сифатида ўз сиёсий вазнини намойиш этиши керак», — дея унинг сўзларини келтиради «Украинская правда».

Қўшнилар ёки дўстлар

Орбан Киевда 130 километрлик умумий чегарага эга бўлган мамлакат билан ўзаро муносабатларни ҳам муҳокама қилишни режалаштирганди. Икки етакчининг баёнотларига қараганда, музокараларнинг бу қисми янада самаралироқ бўлиши мумкин.

Хусусан, учрашув якунларига кўра, Зеленский ва Орбан кенг миқёсли икки томонлама ҳамкорлик битим тайёрланаётганини анонс қилишган. Орбан Киев билан муносабатларни яхшилашга ва «келишмовчиликларни ортда қолдириш»га тайёрлигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Венгрия Украина иқтисодиёти модернизацияда иштирок этишга тайёр.

Украина ғарбида, Карпатортида яшовчи этник венгрлар ҳуқуқлари масаласида ҳам ўсиш бор, деган Орбан. Венгрияликлар бош вазири Украинада этник озчилик сифатида уларнинг ҳуқуқлари поймол қилинишига ишора қилган, айнан шу туфайли у Евроиттифоққа аъзолик бўйича Киев ва Брюссел ўртасидаги музокаралар бошланишини қўллаб-қувватлашдан бош тортганди.

Қишда Венгрия Украинага бу мавзуда 11 банддан иборат рўйхатни тақдим этган, Украина бу осон бўлмаслигини тан олган ҳолда, Будапештнинг талабларини бажаришга ваъда қилган. Бу талаблар орасида — Украина парламентида венгрлар озчилиги вакилига ўрин кафолатланиши, венгр тилидан сайловлар ва сиёсий ҳаётда эркин фойдаланишни таъминлаш, университетлар ва бошқа таълим муассасаларида ўқитиш тили сифатида венгр тили танлови бўлиши кабилар бор.

Ўз навбатида, Орбан Венгрияда илк украин мактаби очилишини молиялаштиришга ваъда берган.

Мавзуга оид