"Ўзбекнефтгаз" АЖ 2023 йил якунлари бўйича алоҳида ва консолидациялашган молиявий ҳисоботларини эълон қилди. Молиячи Отабек Бакиров ушбу ҳисоботлардаги муҳим жиҳатларни санаб ўтди.
“2023 йил якунлари бўйича “Ўзбекнефтгаз”нинг алоҳида ва консолидациялашган молиявий ҳисоботлари тубга инаётган монополистнинг аҳволи янада оғирлашганини кўрсатади.
Ликвидлик кескин камайган. Пул маблағлари қолдиғи 2 трлн 487 млрд сўмдан 960 млрд сўмгача қисқарган.
Дебитор қарзлар ортган. Дебиторлар жами 3 трлн 905 млрд сўмдан 5 трлн 265 млрд сўмгача етган. Дебиторлар ортганига қарамай, йўқотишлар учун захиралар камайган.
“Ўзтрансгаз”нинг “Uz-Kor Gas Chemical” олдидаги “Ўзбекнефтгаз” бўйнига илинган қарзи бўйича май ойида очилиб қолган битими аслида ўтган йили юз бергани маълум бўлди. Шунинг учун балансда 9 трлн 143 млрд сўмлик қопланадиган актив пайдо бўлган (мажбуриятларда ҳам).
Аффилланган томонларнинг “Ўзбекнефтгаз”га қарзи (яна “Uz-Kor Gas Chemical”, “Natural Gas Stream”, “Ўзтрансгаз” билан боғлиқ) 707 млрд сўмдан 7 трлн 558 млрд сўмга етган.
Сотиладиган активлар қиймати 1 трлн 811 млрд сўмдан 4 трлн 887 млрд сўмга етган. Ушбу кескин ошиш яна ўша Saneg учун совға қилинган Шўртан 2 лойиҳаси билан боғлиқ. Қандай қилиб 1,8 трлн сўмлик актив 4,9 трлн сўмгача шишиб қолгани бўйича аудитор тафсилотларни келтирмаган (мазкур лойиҳа балки 5 млрд долларгача шиширилган МТОнинг бир улушига айланган бўлиши керак).
Қисқа ва узоқ муддатли қарзлар кескин ошган. Узоқ муддатли 32 трлн 627 млрд сўмлик қарзнинг 8 трлн 661 млрд сўмлик қисми жорий йилда сўндирилиши керак. Кредиторлар ўрнида бўлганимда мен хавотирга тушган бўлардим.
“Ўзбекнефтгаз” сўмда 26 фоиздан, валютада 13 фоизгача қарз олишга ўтган. Монополистнинг шу ҳолатига 2024 йилнинг май ойида ЎзСҚБ, Ҳамкорбанк ва КДБ банклар 57 млн доллар кредит берган.















