Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Исроил ва ҲАМАС ўт очишни тўхтатиш ва ушлаб турилганларни озод қилиш бўйича чекланган келишув имзолаш арафасида турибди. Бу ҳақда музокара жараёнидан бохабар исроиллик манбага асосланиб, CNN телеканали хабар қилган.
Манбанинг сўзларига кўра, исроиллик расмий шахслар ҲАМАСнинг сўнгги жавоби ҳар икки томонга келишувга эришиш учун деталли музокаралар бошлаш имкониятини беради.
Бироқ, CNNнинг таъкидлашича, битимнинг тақдири ҳали ҳал қилинмаган ва кафолатланмаган.
Америкада 12 нафар расмий шахслар «Биз Ғазодаги жиноятларга шерикмиз», деб баёнот беришди. Улар Исроил 7 октябрда Ғазода қирғин бошлаганидан сўнг турли ҳукумат муассасаларидан норозилик тарзда ишдан бўшаб кетишган ва илк марта биргаликдаги баёнот билан чиқиш қилишди.
Баёнотга кўра, Байден маъмуриятининг Ғазога нисбатан сиёсати барбод бўлган ва АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид уйғотмоқда.
Исроилнинг дипломатик томондан қўллаб-қувватланиши ва АҚШ томонидан бетўхтов етказиб берилаётган қурол-яроғлар АҚШни «Ғазодаги Фаластин халқининг ўлдирилиши ва қийнаб оч қолдириши» учун жиноий шерик қилган.
«Бу нафақат маънавий жиҳатдан жиноят, шунингдек халқаро ҳуманитар ҳуқуқ ва АҚШ қонунчилигининг бузилиши ҳамдир. Мамлакатимизнинг сиёсий ва иқтисодий манфаатларига ҳам кучли зиён етган, жаҳонда АҚШга нисбатан ишончга ҳам кучли путур етган», — дейилади баёнотда.
Исроилнинг Ғазодаги агрессияси қурбонлари 37 минг 953 кишига етди. Ярадорлар 87 минг 266 киши.
Исроилнинг Ғазо секторига ёпирилма зарбалари 273 кундан буён давом этмоқда. Қурбонларнинг 3/4 қисми ёш болалар ва аёллар.
Шунингдек, вайрон қилинган бинолар остида ҳамон ҳалок бўлганларнинг жасадлари қутқарилмасдан қолаётгани айтилмоқда.
Ғарбий соҳилдаги вазият
Исроил сўнгги 30 йил ичида Фаластиннинг энг катта ҳудудини ўғирлади.
Исроил ҳукумати оккупация қилинган Ғарбий соҳилда 1270 гектар Фаластин ерини яҳудийлар давлатига тегишли деб эълон қилди. ТАСС хабарига кўра, бу хабарни кўчиш фаоллиги кузатувчи «Шалом ахшав» (Ҳозироқ тинчлик) ҳуқуқбонлик ташкилоти тарқатган. Қайд қилинишича, бу ўлчами бўйича ва Тел-Авив томонидан расман декларация қилинган сўнгги 30 йил ичидаги жуда йирик ҳудуд.















