Kun.uz'нинг Японияга ижодий сафари тадбиркор Мурод Назаровнинг кўмаги билан амалга ошган эди. У сафар давомидаги суҳбатимизда Японияда ўтган бахтли талабалик йиллари, бу халқдан нималарни ўргангани, тутинган япон ота-онаси ҳақида сўзлаб берди.

Япония сиз учун нима?

– Япония мен учун сифат, инсонга бўлган ҳурмат, чиройли табиат, юқори технологиялар ва бирдамлик. Мурод Назаровнинг шаклланишида Япониянинг ўрни жуда ҳам катта. Япониянинг энг қимматли нарсаси – унинг халқи, уларнинг одоби, хулқи, маданияти.

Япониянинг сири нимада?

– Ватанига, тарихига нисбатан жуда фидойи улар. Ҳар бир шахс ўзини Япониянинг бир парчаси деб билади. Биз кузатадиган ҳолат: футбол ўйинларидан кейин япон томошабинлари ўтирган жойини тозалаб кетади. “Мен Япониянинг бир парчасиман, менга қараб баҳо беришади”, деган тафаккурда яшашади.

Уларга бирор нимани ўргатсангиз, пухта билиб олмагунча савол беришни тўхтатишмайди. Жавобини топгач, илмий ёндашиб ишни пухта бажаришга ҳаракат қилишади. Фукушимада (Япониядаги шаҳар – таҳр.) зилзила бўлиб, атом реактори портлаганда уни ўчириш керак эди. Устидан вертолёт учириш керак бўлди. Аммо вертолёт эриб кетиши айтилди, учувчиси билан бирга албатта. Шунда минглаб кўнгиллилар шу ишни қилишга тайёрлигини билдирди.

Японияда ўқитувчи

– Японияда ўқитувчини «сенсей» деб чақиришади, жуда ҳам ҳурмати баланд инсонлар ҳисобланади. Ўқитувчилар ҳам ўзини бошқача тутади, ғўддайиброқ, бу уларга ярашади ҳам. Талабалик пайтимизда ўқитувчилар худди ўзининг фарзандига гапиргандек маслаҳатлар беришарди, талабалар ҳам шуни яхши қабул қилади. Япониядаги талабалик пайтларим умримнинг энг гўзал пайтлари бўлди.

Япония қандай оёққа турган?

– Катта босим, қийинчиликдан сўнг катта ички куч уйғонади. Иккинчи жаҳон урушида мағлубиятга учрагандан кейин японлар катта ички мафкурасини, ғоясини ишга солди. Ички руҳий портлаш ҳисобига японлар кучайган. Руҳият биринчи ўринда туради барибир, руҳият кучли бўлмаса, билимлар фойда бермайди. Япон халқида айнан шу руҳий кўтарилиш пайдо бўлган.