АҚШ разведкаси шу йилнинг бошида Россия махсус хизматлари Германиянинг Украина учун артиллерия снарядлари ва ҳарбий техникалар ишлаб чиқараётган энг йирик Rheinmetall қурол-яроғ концерни раҳбари Армин Паппергерни ўлдириш режасини ишлаб чиқаётганини аниқлаган, деб ёзади CNN америкалик ва европалик бешта манбага асосланиб.

Фото: essanews.com

Олинган маълумотни америкаликлар немис ҳамкасбларига узатишган ва бир қатор оператив тадбирлардан сўнг улар суиқасднинг олдини олишган.

Паппергерни ўлдиришдан ташқари Кремл Киевга қурол-яроғ етказиб бераётган ғарбдаги бошқа мудофаа корхоналари раҳбарларига суиқад уюштиришни режалаштирган, бироқ Rheinmetall раҳбарини йўқ қилиш режаси бошқаларига нисбатан пухта ўйланган.

Россия сўнгги олти ойдан буён ёлланган маҳаллий аҳоли вакилларидан фойдаланиб, қурол-яроғ омборларига ўт қўйиш ва Киевни қўллаб-қувватлашни сусайтиришга қаратилган бошқа ҳаракатлари билан Европа ҳудудида диверсия кампанияларини уюштириб келади. Бироқ корхоналарнинг директорларига суиқасд тайёрланаётгани тўғрисидаги ахборот ғарбликларга Кремл «соядаги уруш»да қанчаликка бориши мумкинлигини кўрсатиб берди, деб ёзади CNN. 

Rheinmetall концерни қурол-яроғ ва ҳарбий техника ишлаб чиқарувчи Германиядаги энг йирик корхона ва Европадаги энг йирикларидан бири. Компания Германиянинг ҳам, иттифоқчиларнинг ҳам қуролли кучларини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Rheinmetall Украинага критик муҳим ўқ-дорилар ва ҳарбий техникалар етказиб беради ва бу корхонани Европанинг етакчи мудофаа ташаббусларининг асосий иштирокчисига айлантиради ва Москванинг жиддий хавотирини ўйғотади.

Яқинда АҚШ сўнгги 10 йил ичида илк марта Европадаги ҳарбий базаларини юқори жанговар тайёргарлик ҳолатига келтиргани маълум бўлди. Бунга Пентагон томонидан Россия АҚШ ҳарбий объектларида терактлар ташкил қилишни режалаштираётгани тўғрисидаги маълумотлар сабаб бўлган. Америка разведкасидагилар АҚШ ҳарбий базасига режалаштиришган ҳужумлар Москванинг бутун Европа бўйлаб ўтказишни мўлжаллаётган диверсия кампаниясининг бир қисми эканини таъкидлашган.