Вирусли гепатит А – бу ўткир юқумли жигар касаллиги бўлиб, қўзғатувчиси гепатит А вируси ҳисобланади. Дунё бўйлаб ҳар йили ўн миллионга яқин одам ушбу касалликка чалинади. Мактабгача ва кичик мактаб ёшидаги болалар бошқаларга нисбатан кўпроқ касалланади. Ушбу кўрсатувда характерига кўра асосан ёз ва куз ойларида авж оладиган касалликнинг аломатлари, келиб чиқиш сабаблари, организмда кечиши, унинг олдини олиш чоралари ҳамда даволаш усуллари, шунингдек касалликка қарши вакцинация ҳақида сўз юритамиз.

Вирусли гепатит А

 Гепатитнинг ўткир ва сурункали турлари мавжуд. Сурункали гепатит ўлимга олиб келувчи жигар циррози ва саратони каби касалликлар асоратига сабаб бўлиши мумкин.

Гепатит А — касалликнинг энг кўп учрайдиган, аммо бошқаларига нисбатан хавфсизроқ тури ҳисобланади. У деярли доим ўткир кечади ва сурункали бўлмайди, ўлимга ва бошқа турларга нисбатан жиддий оқибатларга олиб келмайди.

Нисбатан юқори касалланиш аҳоли сифатли ичимлик сув билан яхши таъминланмаган, санитария – гигиена шароити ночор бўлган ҳудудларда кузатилади. Шу билан биргаликда, болалар мактабгача таълим муассасаларида ва мактабларда ўзаро мулоқот жараёнида гепатит А касаллигини юқтириб олиш эҳтимоли юқори бўлади.

«Ҳозирги кунда бизда Вирусли гепатитларнинг А, Б, C, Д, Й турлари аниқланган. Шулардан биттаси верусли гепатит А ҳисобланади. Вирусли гепатит А тибик ичак ўтик инфекциялари турига кириб, бугунги кунда болалар орасида, асосан, санитария- гигиена қоидаларига риоя қилмаганлиги сабабли кўп учраб туради».

Абдуллабаева Наргиза

Шаҳар 5-сон Юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори

«Кир қўллар касаллиги»

Ушбу касаллик «кир қўллар касаллиги» деб ҳам аталади. Вирусни, асосан, кирланган сув, таом, яхши ювилмаган идиш ҳамда касалланган одам билан контактда бўлиш орқали юқтириш мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, беморларнинг 90 фоизини 10 ёшгача болалар ташкил этади. Олинган маълумотларга кўра Ўзбекистонда гепатит А билан касалланиш ҳолати бугунги кунда ҳам баланд: жорий йилнинг 6 ойида, 2023 йилнинг шу даврига нисбатан, 1,7 баробарга ўсиши кузатилган. Бу касаллик 4-6 ёшли ва 7-14 ёшли болалар ўртасида кенг тарқалиб бормоқда.