Шимолий Атлантика алянси аъзолари Вашингтондаги саммитда ташкилотнинг 75 йиллигини нишонлади. Хўш, дунёдаги энг қудратли ҳарбий иттифоқнинг 75 йиллик тарихи қанақа кечди, бугуни қандай, келажак мақсадлари нима? НАТО ва Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари ўртасида қандай боғлиқлик бор?

“Геосиёсат”нинг навбатдаги сони ҳам сиёсатшунослар баҳсига айланиб кетди.

Аввало алянс нима учун тузилгани, унинг муҳим ютуқлари ва хатоларига тўхталсак.

Камолиддин Раббимов: — Иккинчи жаҳон уруши даврида АҚШ ва СССР биргаликда фашизмга қарши курашди. Лекин 1949 йилда янги совуқ урушни ҳис қилган АҚШ ва унинг иттифоқчилари коллектив мудофаа ташкилотини тузади, яъни НАТОни. НАТО – ҳарбий блок, унинг қоидасига кўра, таркибдаги бирорта давлатга ҳужум бўлса, қолган барча давлатлар биргаликда урушга киради. НАТО 1989 йилга келиб совет иттифоқини мағлуб қилишга муваффақ бўлди. НАТОнинг қадриятлари биринчи навбатда сиёсий, унга аъзо бўладиган давлат демократик бўлиши, бошқа давлатлар билан зиддияти минимал бўлиши керак. Янги аъзо қабул қилишда барча давлатлар рози бўлиши лозим, вето кўйган давлат эса нега вето қўйганини тушунтиришга мажбур эмас.

Совет иттифоқи қулагач, НАТО ўзи учун янги мазмун излади, яъни иттифоқ йўқ, янги таҳдид ҳам кўринмаяпти, нима билан курашамиз энди, ташкилот умри тугадими, деган масала қўйилди. Маълум вақт НАТОнинг эътибори экстремизм ва терроризмда бўлди. НАТО тарихида ўша барча давлатлар биргаликда урушга кириши моддаси бир марта ишлатилган 2001 йил 11 сентябрдан кейин, яъни АҚШни ҳимоя қилиш учун Афғонистонга кирган НАТО кучлари.

Кейинги 20 йилда НАТО тафаккури яна классик даврга қайтяпти. НАТОга таҳдид бор деган тафаккур Қрим аннекциясидан олдинроқ шаклланган эди, 2007 йилда Путиннинг Мюнҳенда чиқиши Ғарбга ишончсизлигининг энг юқори нуқтаси бўлганди. Умуман, НАТО давлатлари қачондир Россия ва Хитой билан глобал тўқнашув бўлади, деган тафаккурда бўлган. 90 йиллардаёқ баъзи АҚШ сенаторлари НАТО фақатгина трансатлантик ташкилот эмас, балки глобал ташкилот бўлиши керак, деган фикрни илгари суриб, унга Японияни, Австралияни, Янги Зеландия ва Жанубий Кореяни аъзо қилиш керак, Марказий Осиёда ҳам баъзи давлатлар аъзо бўлиши керак, деган фикрларни айтган. 75 йиллик саммитда Япония, Жанубий Корея, Австралия ва Янги Зеландия раҳбарлари асосий меҳмон сифатида иштирок этди.

Шуҳрат Расул: — Саммитнинг кун тартибидаги асосий масала Украина бўлди, кейинги масала эса НАТОни консолидация қилиш бўлди. НАТОнинг ҳар бир аъзоси ўз ЯИМдан 2 фоизини мудофаага ажратишига келишилди. Украина урушидан олдин 9 та давлат шу даражага эришган, ҳозир 23 та давлат 2 фоиздан ажратяпти. Полша 4 фоиз, Болтиқбўйи давлатлари 3 фоиз, Руминия ҳам 3 фоизга яқин ажратяпти. 9 та давлат эса 2 фоизга етгани йўқ. Ўзи бу масала Трамп томонидан илгари сурилган эди, Европа давлатлари эса эътибор қилмаётганди.