Ўзбекистон | 07:42 / 15.07.2024
3261
2 дақиқада ўқилади

«Ичимлик суви учун ижтимоий норма жорий этиш режаси йўқ» — «Ўзсувтаъминот»

«Ўзсувтаъминот» вакили Ўзбекистонда ичимлик суви учун ҳам ижтимоий норма йўлга қўйилиши ҳақида гап-сўзларга муносабат билдирди. Унга кўра, ҳам сув захираси, ҳам сувни тежаш нуқтайи назаридан яқин келажакда бундай режа йўқ.

Хуршид Раҳматуллаев Фото: АОКА

Ўзбекистонда яқин йилларда ичимлик суви учун ижтимоий норма йўлга қўйиш режаси йўқ. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида «Ўзсувтаъминот» масъуллари маълум қилди, дея хабар берди Gazeta.uz.

Тадбирда журналистлар томонидан яқин келажакда Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газга жорий этилгани каби ичимлик сувига нисбатан ҳам ижтимоий норма йўлга қўйилиши ҳақидаги гап-сўзларга изоҳ сўралди.

Қозоғистонда ичимлик суви бўйича табақалаштирилган тариф режаси ишлаб чиқилаётгани, Ўзбекистон қўшни мамлакатдан намуна олиб, сувни тежаш мақсадида мазкур тартибни жорий этиш ё этмаслиги ҳақида ҳам савол берилди.

«Очиғини айтаман, бу маълумотлар фейк, ҳеч қандай асос ёки ҳисоб-китобга эга эмас. Бизда бундай масала кун тартибида йўқ. Сув бу — ҳаётий эҳтиёж, уни чеклашга ёки қандайдир лимит қўйишга ҳозирча ҳеч қандай эҳтиёж йўқ, бу менинг масъул шахс сифатидаги фикрим. Қозоғистонда бўлаётган жараёнларни биз ҳам кузатиб турибмиз, аммо буни табақалаштирилган тизим, дейиш бироз нотўғри», — деди «Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Хуршид Раҳматуллаев.

Унинг сўзларига кўра, бундай тажриба Россия ва Европанинг бир қатор мамлакатларида ҳам бор, яъни сув ресурсларини сутка давомида талаб ошадиган пайтда ишлатишга маълум бир чеклов қўйилган.

«Ўзбекистонда сув ҳисоблагичлар билан таъминланганлик даражаси 87 фоизни [ташкил этади]. Агар 100 фоизлик таъминланганлик даражасига эришган тақдиримизда ҳам сув захираси ва сувни тежаш нуқтайи назаридан яқин келажакда [ичимлик суви учун ижтимоий норма жорий этиш] режаларимиз йўқ», — деди Раҳматуллаев.

Мавзуга оид