Жаҳон | 12:45 / 17.07.2024
4669
3 дақиқада ўқилади

MH17 ҳалокатига 10 йил: ЕИ РФни жавобгарликни бўйнига олишга чақирди

MH17 ҳалокатининг 10 йиллиги куни Жозеп Боррел Россиянинг ҳеч қандай дезинформацияси эътиборни самолёт уриб туширилиши бўйича суд томонидан аниқланган фактлардан чалғитиши мумкин эмаслигини айтди.

Фото: Anastasia Vlasova/EPA/dpa/picture alliance

«Малайзия авиалиниялари» авиакомпаниясининг MH17 рейси Донбасс узра уриб туширилганининг 10 йиллиги муносабати билан Европа Иттифоқи яна бир бор Россияни фожиа учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга ва одил судловни амалга оширишда тўлиқ ҳамкорлик қилишга чақирди. Бу ҳақда Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелнинг 16 июл, сешанба куни эълон қилинган баёнотида айтилади

2022 йилнинг ноябрида Ҳаага суди уч кишини - россиялик Игор Гиркин ва Сергей Дубинский, Украина фуқароси Леонид Харченкони Малайзиянинг Boeing 777 ҳалокатига алоқадорлиги учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилганини эслатиб, Боррел суд жараёнида тақдим этилган далиллар «MH17 рейсини уриб тушириш учун фойдаланилган «Бук» зенит-ракета мажмуаси, шубҳасиз, Россия Федерацияси қуролли кучларига тегишли эканлигини аниқ кўрсатмоқда», деб таъкидлади. 

«Россиянинг ҳеч қандай дезинформацион операцияси эътиборни суд томонидан аниқланган ушбу фундаментал фактлардан чалғита олмайди», деди Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили баёнотида.

Украина осмонида ҳалокатга учраган Boeing 777 иши бўйича тергов

Malaysia Airlines авиакомпаниясининг Амстердамдан Куала-Лумпурга учган MH17 рейси 2014 йил 17 июл куни Украина шарқида мамлакат қуролли кучлари ва россияпараст айирмачилар ўртасида ҳарбий амалиётлар олиб борилаётган ҳудудда уриб туширилган. Натижада 298 киши ҳалок бўлди. 

Фожиадан кейин тузилган халқаро қўшма тергов гуруҳи (JIT) экспертлари самолёт россияпараст кучлар назорати остидаги ҳудудда жойлашган «Бук» тизими томонидан отилган 9М38 серияли ракетаси билан уриб туширилган деган хулосага келди. Терговчилар «Бук» Украина ҳудудига Курск яқинида жойлашган 53-Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа бригадасидан кирганига ва фожиадан кўп ўтмай, чегара орқали Россия ҳудудига қайтарилганига ишончи комил. 

MH17 иши бўйича Ҳаага судининг қарори

2022 йил ноябрида Ҳаага округ суди ўзини мустақил деб эълон қилган «ДХР» собиқ «мудофаа вазири» Игор Гиркин (Стрелков), генерал-майор Сергей Дубинский ва Леонид Харченкони фожиада айбдор деб топиб, уларни сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди, шунингдек, қурбонларнинг қариндошларига жами 16 миллион евро тўлашни буюрди.

Россия Ҳаага судининг MH17 иши бўйича чиқарган ҳукмини сиёсий асосли, деб атади.

2023 йил февралида JIT вакиллари Россия раҳбарияти MH17 уриб туширилишида иштирок этганини ва Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини олиб боришни маъқуллаганини маълум қилди. 

Мавзуга оид