Ўзбекистон | 08:31 / 20.07.2024
1877
2 дақиқада ўқилади

ЎзДЖТУ қошида педагоглар малакасини ошириш тармоқ маркази ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг "Олий таълим ташкилотлари раҳбарлари ва педагогларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Президент қарори билан Бош илмий-методик марказ Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим тизими педагог ва раҳбар кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти деб қайта номланди.

Ҳужжат билан институтнинг асосий вазифалари белгиланди:

  • раҳбар ва педагогларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича олий таълим ташкилотларининг ташкилий-методик фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • олий таълим ташкилотлари ва академик лицейлар раҳбарлари ва педагог кадрларининг малака ошириш курсларини ташкил этиш;
  • раҳбар ва педагогларнинг касбий билим, кўникма ва малакаларини доимий такомиллаштириш механизмларини жорий этиш;
  • докторантура йўналишлари бўйича юқори малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш;
  • қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида таълим жараёнининг сифати ва самарадорлигини тизимли таҳлил қилиш ва мониторинг қилиш бўйича рақамли ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
  • илғор хорижий тажриба асосида ўқув режалари ва таълим дастурларини ишлаб чиқиш;
  • илмий фаолиятга, илғор педагогик тажриба алмашишга юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш.

Вазирлик ташаббуси билан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошида педагогларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тармоқ маркази ҳам ташкил этилади. 

2024-2025 ўқув йилидан бошлаб марказда педагоглар учун "Филология ва тилларни ўрганиш", "Хорижий тил ва адабиёт", "Таржима назарияси ва амалиёти" мутахассисликлари бўйича малака ошириш курслари ташкил этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид