Жаҳон | 11:13 / 20.07.2024
3166
5 дақиқада ўқилади

РФ Тергов қўмитаси миграция қонунчилигини кучайтиришни таклиф қилди

Россия Федерацияси Тергов қўмитаси, хусусан, чет элликларни қабул қилинган фуқароликдан маҳрум қилиш учун асослар рўйхатини тўлдиришни таклиф қилди.

Фото: РИА Новости

Россия Тергов қўмитаси Давлат думасига «миграция соҳасидаги жиноятчиликка қарши курашиш ва миграция сиёсатини такомиллаштириш бўйича таклифлар» юборди. Бу ҳақда 19 июл, жума куни маҳкама ўзининг расмий Telegram-каналида маълум қилди. Қайд этилишича, таклифлар РФ Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин номидан тайёрланган.

Тергов қўмитаси фуқароликни олиб қўйиш учун янги асослар қўшиб, «маҳаллийлаштирилган фуқароларни фуқароликдан маҳрум қилиш масаласини янада қатъий тартибга солишни» таклиф этди. Хусусан, Россия Федерацияси паспортини «қасддан ҳар қандай оғир ёки ўта оғир жиноятга тайёргарлик кўриш, унга суиқасд қилиш ёки содир этиш» учун мусодара этиш таклиф қилинмоқда. Тергов қўмитаси, шунингдек, жиноят содир этиш пайтида Россия ҳудудида ноқонуний бўлиш жиҳатини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида тан олишни таклиф қилди. 

Шунингдек, бир қатор чора-тадбирлар таклиф этилмоқда, улар мамлакатга келаётган ва мамлакатдан чиқиб кетаётган хорижликлар устидан назоратни кучайтиришга ёрдам беради, дейилади хабарда. Потенциал чора-тадбирлар қаторида Тергов қўмитаси биометрик, бармоқ излари, геномик рўйхатга олиш, иш ва яшаш жойини рақамли рўйхатга олиш, шунингдек, чет элликлар учун «резина квартираларда» оммавий рўйхатга олишни тақиқлаш масаласини кўриб чиқмоқда. «Россия фуқаролигига эга бўлганлар учун Россия паспортини олиш тартибини ҳарбий рўйхатга олиш билан бир вақтда синхронлаштириш муҳим», - дея қўшимча қилди Тергов қўмитаси. 

Хабарда, шунингдек, маҳкама хорижликларни ёллаган «иш берувчиларга маълум масъулият юкловчи таклифлар тақдим этиши» қайд этилган. Айнан қандай таклифлар ҳақида гап кетаётгани аниқ эмас. 

Володин: Давлат думаси миграция бўйича 25 та қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда 

Шу куни Россия Федерацияси Давлат думаси спикери Вячеслав Володин ўзининг Telegram-каналида ҳозирда «миграция назоратини тартибга солиш, чет эл фуқароларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, фуқароликни бериш билан боғлиқ масалаларга қаратилган» 25 та қонун лойиҳаси мавжудлигини маълум қилди. Улар Россия парламентининг қуйи палатасида кўриб чиқилмоқда.

Володиннинг сўзларига кўра, Давлат думаси Россия Федерациясида ноқонуний бўлган муҳожирларни чиқариб юбориш тартиби тўғрисидаги қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда кўриб чиқишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, у Давлат думаси «ноқонуний миграцияни ташкил этганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш тўғрисида» федерал қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш учун тақдим этишини эълон қилди. Улар орасида «мигрантларга ноқонуний хизматлар кўрсатиш бўйича таклифларни ўз ичига олган интернет-ресурсларни суддан ташқари блоклаш», шунингдек, «воситачи ташкилотларнинг мигрантлар учун имтиҳонларда иштирок этишини тўлиқ тақиқлаш» бор. 

Россия расмийлари муҳожирларга нисбатан риторикани кучайтирмоқда

22 март куни «Крокус Сити Холл»да 145 киши ҳалок бўлган ва 550 киши яраланган терактдан сўнг Россия ҳукумати муҳожирларга нисбатан риторикасини аста-секин кучайтирмоқда. Ҳужумни амалга оширишда Марказий Осиё давлатларида туғилганлар айбланмоқда. 

Давлат думасининг Хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси аъзоси Михаил Шеремет таъкидлашича, Россиядаги баъзи муҳожирлардан россияликларга зарар етказиш, жумладан, терактлар уюштириш ва бошқа «вазиятни беқарорлаштириш» қуролига айлантириш учун «кўр-кўрона» фойдаланилади. У Украина билан уруш пайтида муҳожирларнинг мамлакатга киришини умумий чеклашга чақирди.

Бундан ташқари, Россия Федерацияси ҳудудларида чет элликларнинг муайян ҳудудларда ишлашига чекловлар жорий этилмоқда. Шу тариқа, 18 июл куни Томск вилояти губернатори Владимир Мазур 1 ноябрдан бошлаб минтақада меҳнат патентига эга бўлган хорижликларга озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва таом тайёрлаш, чакана савдо, таксида йўловчи ташиш, шаҳар ва шаҳар атрофи транспорти, меҳмонхона ва ресторан бизнеси, кадрлар танлаш, хавфсизликни таъминлаш, умумий, касб-ҳунар ва олий таълим, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларида ишлаш тақиқланиши тўғрисида хабар берди.

Мавзуга оид