Учрашувни эса африкалик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Бош ҳакам — Беида Даҳане (Мавритания), унга қанотларда Жерсон Сантос (Ангола) ва Стефан Йиембе (Кения) ёрдам беради. Захира ҳаками вазифаси Дрюв Фисчерга (Канада) топширилган. Лаҳло Бенбраҳам (Жазоир) эса ВАРда фаолият олиб боради. Баҳсларда жамоамизни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистондан 450 нафар мухлис Парижга олиб борилган.

Испания - Европа вице-чемпиони ҳамда Олимпиада-2020 финалчиси

Испания миллий жамоаси 10 кун аввал Евро-2024 финалида Англияни мағлуб этиб, қитъа чемпионига айланган бўлса, Испания олимпия жамоаси 2023 йилда Европа чемпионати U21 турнири финалида Коул Палмер етакчилигидаги Англияга мағлуб (0:1) бўлиб, Олимпиада-2024га кўҳна қитъанинг вице-чемпиони сифатида етиб келган. Англия эса тўғридан-тўғри ХОҚ аъзоси эмаслиги сабабли турнирда иштирок эта олмайди.

Сантяго Дения Санчес ёхуд Санти номи билан танилган испаниялик собиқ футболчи Испания олимпия жамоасининг бош мураббийи саналади. 50 ёшли мутахассис Токио-2020 Олимпиадасида ҳам Луис де ла Фуэнтенинг ёрдамчиси сифатида қатнашган ва Испания олимпия жамоаси финалда Бразилияга ютқазиб (1:2), кумуш медали билан чекланганди.

Ўзбекистон – Осиё вице-чемпиони

Испания олимпия жамоаси турнирга Европанинг иккинчи жамоаси сифатида келган бўлса, Ўзбекистон U23 жамоаси Осиё вице-чемпиони бўлиб, Парижга йўлланмани қўлга киритган эди. Темур Кападзе шогирдлари Осиё кубоги U23 яримфиналида 29 апрел куни Индонезияни мағлуб (2:0) этиб, мамлакат тарихида Олимпиадага жамоавий спорт турида илк йўлланмани қўлга киритганди. Финалда эса вакилларимиз Японияга аламли тарзда мағлуб (0:1) бўлган.

Евро-2024 ғолиблари ҳам таркибда

Испаниянинг Париж-2024 турнирига борадиган 22 футболчидан иборат таркибидан Евро чемпионига айланган икки футболчи – Фермин Лопес (Барселона) ва Алекс Баэна (Вилярреал) ҳам Олимпиадага борадиган рўйхатдан жой олган.

Мураббийлар штаби Евро-2024 қаҳрамонига айланган Ламин Ямални ҳам Парижга олиб боришни истаган, аммо «Барса» мавсум олди йиғинлар сабаб бунга рухсат бермаган. Шунга қарамай, таркибда Каталония клубидан 3 футболчи бор – Фермин Лопес, Пау Кубарси ва ўтган мавсум «Жирона»да ижарада бўлган Эрик Гарсия.

Испаниянинг Олимпиада учун якуний таркиби: