Реванш имконияти
Ўзбекистон олимпия жамоаси учун бугунги рақиб бегона жамоа эмас. Миср 2023 йилнинг октябр ойида Тошкентда меҳмон бўлиб, ўртоқлик учрашувида вакилларимизни мағлуб (2:1) этиб қайтган эди. Ўшанда Аббосбек Файзуллаев, Абдуқодир Ҳусанов сингари етакчилар майдонга тушмаган. Бу сафар эса улардан ташқари, Элдор Шомуродов ва Остон Ўрунов билан кучайган жамоамизда реванш имконияти бор.
Ким қандай ҳолатда?
Ўзбекистон 1-турда турнир фаворити Испанияга қарши баҳсда муносиб ўйин намойиш этган ҳолда Европа вице-чемпионига 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Ушбу баҳсдан кейин ҳимоячи Иброҳимхалил Йўлдошев оилавий сабабларга кўра жамоа ихтиёрини тарк этган бўлса-да, захира таркибидан Алишер Одилов жалб этилди. Айнан у ўтган йили Миср дарвозасига йўлланган голга муаллифлик қилган эди.

Миср эса 1-турда Доминикан Республикасига қарши баҳсда ғалаба қозониш учун бир қатор имкониятларга эга бўлганди, аммо учрашувда ҳар икки жамоа ҳам очко йўқотди – 0:0. Бу натижа кўп жиҳатдан Ўзбекистон фойдасига ишлаши мумкин. Бунинг учун вакилларимиз энг аввало бугун турнир тарихидаги илк ғалабани тақдим этишлари шарт.
Ўз қитъаларида вице-чемпион бўлган жамоалар
Рожерио Микале мураббийлигидаги мисрликлар Африканинг 2-жамоаси саналади. Бразилиялик мутахассис қўл остидаги Миср олимпия жамоаси Африка миллатлар кубоги U23 турнири финалида Марокашга қўшимча бўлимларда мағлуб (1:2) бўлиб, Францияга Африка вице-чемпиони сифатида келган. Миср сўнгги Токио-2020 Олимпиадасида ҳам иштирок этган ва чоракфиналгача етиб келишга эришганди.

Ўзбекистон U23 жамоаси эса Осиё вице-чемпиони бўлиб, Парижга йўлланмани қўлга киритган эди. Темур Кападзе шогирдлари Осиё кубоги U23 яримфиналида 29 апрел куни Индонезияни мағлуб (2:0) этиб, мамлакат тарихида Олимпиадага жамоавий спорт турида илк йўлланмани қўлга киритганди. Финалда эса вакилларимиз Японияга аламли тарзда мағлуб (0:1) бўлган.
Салоҳ рухсат ололмади, «Арсенал» собиқ ўйинчиси ва Зизо таркибда
Мисрнинг Париж-2024 турнирига борадиган 22 футболчидан иборат таркиби эълон қилинган. Рожерио Микале таркибга мамлакат футболи юлдузи Муҳаммад Салоҳни жалб этишга ҳар қанча уринмасин, футболчининг ўзи ҳам Париждаги турнирда иштирок этишга розилигини билдирган бўлса-да, «Ливерпул» ўз етакчисини қўйиб юбормади. Шу тариқа, 23 ёшдан катта 3 футболчи рўйхатига «Арсенал» собиқ яримҳимоячиси Муҳаммад Эн-Ненни, «Замалек» яримҳимоячиси Аҳмад Зизо чақирилди, 3-лимитдан эса фойдаланилмади. Сабаби бразилиялик мураббий истаган Маҳмуд Трезеге ва «Нант» вакили Мустафо Муҳаммаднинг ҳам клуби рухсат бермаган. Яъни, Кападзе турнирга ўзи истаган футболчиларни олиб кела олган, Микале эса йўқ.




















