Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида турк инвестори иштирокида бошланган, кейин шаҳар ҳокими билан боғлиқ можаро келиб чиққан лойиҳа – боғча болаларини кейтеринг усулида овқатлантириш хизмати ўз ишини бошламоқда.
Вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров 25 июл куни имзолаган қарорга кўра, “Garden Catering” хусусий корхонаси 1 августдан эътиборан Қувасой шаҳрида жойлашган, овқатлантиришнинг аутсорсинг усули йўлга қўйилмаган давлат боғчаларига кейтеринг хизматини кўрсата бошлайди.
Бу амалиёт ҳужжатда “кейтеринг усулида соғлом овқатлантириш” дея номланган ва тажриба-синов натижаларидан келиб чиқиб, йил якунига қадар Фарғона шаҳридаги давлат боғчаларига ҳам жорий этилиши белгиланган.
Шаҳар ҳокими лойиҳани ўзиники қилиб олишга уринганликда айбланган эди
Kun.uz бу лойиҳа ҳақида шу ой бошида суриштирув эълон қилган эди. Унда лойиҳа ташаббускори бўлган фуқаро Муаззам Иброҳимова ва туркиялик инвестор Али Кирлангич Қувасой шаҳри ҳокими Зафар Тўрақуловни лойиҳани ўзиники қилиб олишга уринганликда айблаган эди. Ҳоким айбловларни рад этган бўлса-да, Kun.uz таъсис этилган фирмадаги 40 фоизлик улуш ҳокимнинг қариндоши номига расмийлаштирилганини аниқлаганди.
Вилоят ҳокимининг қарорида келтирилишича, 1 августдан бошланадиган лойиҳани “Garden Catering Trade” МЧЖ қўшма корхонаси амалга оширади. Бу – Kun.uz суриштирувида сўз борган “Turan Catering International”дан бошқа корхона (шу йил 21 июнда рўйхатдан ўтказилган, таъсисчилар ҳам бошқа шахслар), лекин у ҳам Қувасой шаҳрининг Пакана маҳалласида жойлашганидан келиб чиқилса, ҳоким билан боғлиқ можаро ортидан кейтеринг лойиҳасининг муассиси ўзгаргани англашилади.

Муассис ўзгаргач, вазирлик билан келишиш талаби бекор қилинган бўлиши мумкин
Суриштирув давомида Kun.uz боғланган ҳоким Зафар Тўрақулов лойиҳани ишга тушириш учун болаларни овқатлантириш масаласида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан келишиш кераклигини айтганди. Бироқ лойиҳа муассиси ўзгаргач, маҳаллий расмийлар вазирлик билан келишув талабини олиб ташлаган бўлиши мумкин, чунки белгиланган тартибда тендер ўтказилмаган, вазирлик Kun.uz'га тақдим этган изоҳда ҳам келишув бўлгани ҳақида айтилмаган.

















