Kun.uz таҳририяти Mysterious Uzbekistan ва Uzbek Tourist алпинистлар жамоаси билан ҳамкорликда Австралия ва Океаниядаги энг баланд вулқонни забт этди ва у ерда яшайдиган қабила турмуш тарзини ўрганди. Папуа Янги Гвинея оролларидаги ажойиб манзаралар, ҳайратланарли ҳаёт тарзи билан танишинг.

Kun.uz жамоаси Mysterious Uzbekistan ва Uzbek Tourist алпинистлар жамоаси билан ҳамкорликда ажойиб кўрсатув тайёрлади. У ерда актив вулқонлар мавжуд, ва табиийки вулқон отилганда баъзан фожиавий ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Папуа Янги Гвинеяга кирувчи оролларда жами 94 та вулқон бор. Бундан 18 таси актив ҳолатда. Австралия океанидаги энг катта вулқон ҳам шу ерда жойлашган.

Алпинистларимиз Австралия ва Океаниядаги энг баланд вулқон (4376 м) чўққисини забт этишди.

Аввало алпинистлар жамоаси Папуа Янги Гвинеядаги бу вулқон чўққисини забт этгунга қадар эришган ютуқларини санаб ўтсак. Mysterious Uzbekistan (Сирли Ўзбекистон) ва Uzbek Tourist жамоаси 4 энг баланд чўққини забт этишган.

1. Элбрус 5642 м - Европадаги энг баланд чўққи ва вулқон. 2022 йилда.

2. Киламанжаро 5895 м- Африканинг энг баланд чўққиси ва вулқони 2023 йилда.

3. Демавенд 5671 м. Осиёнинг энг баланд вулқони. 2023 йилда.

4. Гилуве 4367 м. Австралия ва Океаниянинг энг баланд вулқони. 2024 йилда.

Папуа Янги Гвинея тарихи

Дастлаб Янги Гвинеяга 16-асрнинг 1-ярмида португал денгизчи сайёҳлари келган. 1884 йил Янги Гвинея оролининг жануби-шарқий қисми Англия протекторатига айлантирилди ва у Папуа номини олади, 1888 йил Буюк Британия мустамлакаси деб эълон қилинди, 20 аср бошларида Австралия Иттифоқига топширилди.

1920 йил оролнинг Германия протекторати бўлган шимоли-шарқий қисми ҳам, Миллатлар Иттифоқининг мандатига биноан, Австралия Иттифоқи бошқарувига олиб берилди. 1949 йил Австралия ҳукумати унинг иккала қисмини маъмурий жиҳатдан бирлаштирди ва мамлакат Папуа Янги Гвинея номини олди. 1973 йил Папуа Янги Гвинея ички ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқига эга бўлди. 1975 йил 16 сентябрда эса мустақил давлат деб эълон қилинди. Папуа Янги Гвинея 1975 йилдан БМТ аъзоси ҳисобланади.

Папау Янги Гвинея жойлашуви

Папуа Янги Гвинея Мустақил Давлати унинг пойтахти — Порт Моресбий шаҳри. Тинч океанининг жануби-шарқий қисмида жойлашган давлат. Ғарбда Индонезия билан чегарадош, қолган қисми денгизлар билан ўралган. Папуа Янги Гвинея таркибига Янги Гвинея оролнинг шарқий қисми ва унга ёндош ороллар, Бисмарк архипелаги, Соломон оролларининг шимолий қисми, Дъантркасто ороллари, Луизиада архипелаги, Тробриан ороллари, Муруа орол ва бошқа 200 га яқин катта-кичик ороллар киради. Умумий майдони 463 минг км кв. Аҳолиси 5 млн кишидан ортиқ дейилади. Маъмурий жиҳатдан 20 вилоятга бўлинади.