Жаҳон | 08:48 / 31.07.2024
4036
2 дақиқада ўқилади

Англияда болалар студиясига пичоқ билан қилинган ҳужум қурбонлари сони ортди

29 июл куни Саутпортдаги болалар рақс студиясига пичоқ билан қуролланган йигит ҳужум қилди. Натижада уч нафар бола ҳалок бўлган. Яна 10 киши шифохонага етказилган.

Фото: James Speakman/PA Wire/dpa/picture alliance

Англия шимолидаги Саутпорт шаҳрида болалар рақс клубига пичоқ билан ҳужум уюштирилгани оқибатида ҳалок бўлганлар сони 3 нафарга етди. Мерсисайд полицияси 30 июл, сешанба куни маълум қилишича, 9 ёшли қизалоқ олган жароҳатлари туфайли шифохонада вафот этган.

Аввалги кунги ҳужумда ҳалок бўлган қолган икки қиз 6 ва 7 ёшда эди. Яна саккиз нафар бола ва икки ёши катта шахс шифохоналарда қолмоқда. AP хабарига кўра, катталар ва беш нафар боланинг аҳволи оғир.

Қўшни Бэнкс шаҳрида яшовчи 17 ёшли йигит ҳужум қилишда гумонланиб ҳибсга олинган. Полициянинг айтишича, у ёлғиз ҳаракат қилган ва ҳужум терроризм билан боғлиқ эмас. 

Британия бош вазирининг муносабати 

Ҳужум Hart Space Studious биносида, қўшиқчи Тейлор Свифтга бағишланган, 6 ёшдан 11 ёшгача бўлган болалар учун йога ва рақс бўйича мастер-класс ўтказилаётганда содир бўлди. Британия бош вазири Кир Стармер ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ушбу ҳужумдан қаттиқ ҳайратда қолганини ёзди. 

Тейлор Свифт Instagram’да ҳужум уни «тўлиқ шокка» туширганини айтди. «Улар рақс дарсидаги шунчаки кичкина болалар эди. Мен бу оилаларга таъзиямни қандай етказишни билмай қолдим», - деб ёзди америкалик қўшиқчи. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид