Жаҳон | 07:30 / 02.08.2024
2377
3 дақиқада ўқилади

Шолц Германияга келган собиқ сиёсий маҳбуслар билан учрашди

Германия канцлери Европа мамлакатлари ва АҚШга алмашинувни тайёрлашда кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирди. «Жамиятимиз инсонпарварлик билан ажралиб туради», деди у.

Фото: Marvin Ibo Güngör/Bundesregierung/Getty Images

Германия канцлери Олаф Шолц Кёлн/Бонн аэропортига етиб келган Россия ва Беларусдан собиқ сиёсий маҳбуслар билан «батафсил» суҳбатлашди ва бу мулоқотдан жуда таъсирланди. Бу ҳақда Шолцнинг ўзи 2 август, пайшанбадан жумага ўтар кечаси Россия Федерацияси, Беларус ва Ғарб давлатлари ўртасида совуқ урушдан кейинги энг йирик сиёсий маҳбуслар алмашинуви муносабати билан ташкил этилган иккинчи матбуот баёнотида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, собиқ маҳбусларнинг Германияга кириши билан боғлиқ барча расмиятчиликлар аллақачон ҳал қилинган ва «яқин кунларда келганларни соғломлаштириш ва барча зарур ёрдамни кўрсатиш ҳақида гаплашамиз». 

Россиядан келган собиқ маҳбусларнинг кўпчилиги «ҳозир нима бўлганига ишонмаяпти» ва улар ҳали ҳам кутилмаганда озод бўлганидан ҳайратда, деди Шолц. 

«Уларнинг кўплари нафақат соғлиғи, балки ҳаётлари учун ҳам хавотирда эди - ва буни аниқ айтиш керак - шунинг учун биз уларни бу ерда ҳимоя қилишимиз жуда муҳим», дея қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, Германия ҳукумати раҳбари бир қатор Европа давлатларига, хусусан, Словенияга, шунингдек, АҚШга алмашиш амалиёти муваффақиятли якунлангани учун миннатдорлик билдирди. Словенияда россиялик Артем ва Анна Дулцевлар жосусликда айбланиб, 1 йил 7 ойга қамалди. Алмашиш доирасида улар Россия Федерациясига қайтишди. 

Алмашиш «тўғри қарор» эди

Олаф Шолц ўз нутқида чеченистонлик собиқ дала қўмондони Зелимхон Ханқошвилини ўлдирганликда айбланиб, Германияда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган россиялик Вадим Красиковнинг озод этилиши мавзусига аниқ тўхталмаган ҳолда шундай деди: «Мен буни тўғри қарор деб ҳисоблайман ва агар кимда шубҳа бўлса, улар энди озод бўлганлар билан мулоқот қилгандан кейин йўқ бўлиб кетади. Чунки улар демократияни ҳимоя қилганлар ва бошқаларнинг ҳимоясига таяниши мумкин, бу бизнинг демократик, инсонпарвар жамият сифатидаги тушунчамизнинг бир қисмидир». 

Шолц «бугунги кунда Россия қамоқхоналарида бўлган ва ўз озодлиги, ҳаёти ва соғлиғи учун ташвишланишга мажбур бўлган»ларга ҳам озодлик йўлини топишларини тилади. «Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз демократия ва эркинлик учун курашни давом эттирамиз, мамлакат ва миллат сифатида қарздормиз», дея Олаф Шолц ўз баёнотини шу сўзлар билан якунлади.

Мавзуга оид