Исроил мудофаа армияси Ҳамас ҳарбий қаноти раҳбари Муҳаммад Дейф исроилликларнинг 13 июл куни Ғазо сектори жанубига йўллаган зарбаси оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилди. Ўшанда исроилликлар ҳужум нишони Муҳаммад Дейф ва унинг яқин сафдоши Рафа Салама эканини, Сейф зарба оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилган, аммо Дейфнинг ўлими тасдиқланмаганди.

Исроилликлар уни йўқ қилиш учун бир неча йилдан буён ҳаракат қилиб келарди. Ҳамас ҳозирча бу борада муносабат билдирмади.

Дейф 2023 йил 7 октябрида Ҳамаснинг Исроилга уюштирган ҳужуми ташкилотчиларидан бири сифатида кўриларди, ўшанда асосан тинч аҳоли вакиллари бўлган 1200 нафар атрофидаги исроиллик ва хорижликлар ўлдирилган, яна 251 киши гаровга олиниб, Ғазо ичкарисига олиб кетилганди.

Бунга жавобан Исроил секторда йирик ҳарбий амалиёт бошлади, Ҳамас назорати остидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, бу амалиёт натижасида ўтган вақт ичида 38 700 фаластинлик ҳалок бўлган.

Муҳаммад Дейф ўзи ким эди?

Дейф Ғазо секторида деярли афсонавий мақомда эди - у қамоқхонадан қочиб кетган ва камида етти суиқасддан омон қолган.

Дейф ҳақидаги маълумотлар фақат Исроил ва Фаластин нашрларидаги хабарлардан олинган.

Уларда айтилишича, Дейф 1965 йилда Хон-Юнус яқинидаги қочқинлар лагерида туғилган, ўша вақтда бу ҳудуд Миср томонидан оккупация қилинганди.

Дейфнинг ҳақиқий исми — Муҳаммад Диаб ал-Масри (шунингдек Абу Холид ёки Ал-Дейф). У 1996 йилдан Ҳамаснинг ҳарбийлашган қаноти «Изз ад-Дин ал-Қассам» бригадасини бошқарган.

Фаластинликлар уни Ҳамаснинг «мияси» деб аташган, исроилликлар учун эса у «Ўлим даракчиси» ёки «Тўққиз жонли жангчи» сифатида маълум эди.

Дейф Ғазодаги Ислом университетида ўқиб бакалавр дипломини олган. Талабалик йилларида у актёрлик маҳоратига (умуман олганда, театрга) меҳр қўйган ва ҳатто у ерда труппа тузган.

1987 йилда Ҳамас ташкил этилгани эълон қилинганида, Дейф биринчилардан бўлиб гуруҳ сафига кирган. 1989 йилда Исроил ҳукумати уни ҳибсга олади, у бир йилдан ортиқ вақтни панжара ортида ўтказади.