Ўзбекистон | 19:16 / 03.08.2024
37602
5 дақиқада ўқилади

3 кунлик дабдаба ва камситилган журналистлар. Андижондаги фестивалга қанча сарфланди?

“Дунё садолари” анъанавий фестивалига таклиф қилинган дунёга машҳур Иннага 130 минг доллар тўлангани айтилмоқда. Тадбирни ёритишга чақирилган журналистлар ичкарига киритилмаган, вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов уларни камситиб, "қўлларидан бало ҳам келмаслиги"ни айтган.

29-31 июл кунлари Андижоннинг Хонобод шаҳрида анъанавий II “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивали бўлиб ўтди.

Бу йилги тадбирда ҳам Ўзбекистон ва дунё эстрадаси юлдузлари концерт дастурлари билан иштирок этишди. Хусусан, 29 июл куни очилиш маросимида Ҳамдам Собиров, Юлдуз Усмонова, қозоғистонлик Дианелла ва Жаҳ Кҳалиб қатнашган бўлса, 30 июлдаги гала-концертда Шоҳруххон, хориж санъаткорлари Меган ва Jony'лар чиқиш қилган.

Тадбирнинг сўнгги куни, 31 июлда фестивални якунлаш учун Райҳон Ғаниева, ҳиндистонлик “DJ Sukhbir” ва жаҳон юлдузи Инна иштирок этган.

Бундан ташқари, халқаро фестивал доирасида Хонобод шаҳри бўйлаб кўргазмалар ва маданий дастурлар ташкил этилиб, шаҳар бўйлаб саёҳат қилиш истагида бўлган меҳмонлар учун ҳаво шари хизмати ташкил этилган.

Санъат олами вакилларини олиб келиш, кўргазма ўтказиш ва албатта, ҳаво шари хизмати ҳисобга олинса, фестивал анча қимматга тушганини тахмин қилса бўлади.

“Дунё садолари” фестивали қандай ўтди?

Андижонда ўтган фестивалнинг эсда қоларли яна бир қисми журналистлар ва вилоят ҳокими Шуҳрат Абдурамонов билан ўтган кечки овқат билан боғлиқ.

Гап шундаки, фестивални ёритиш учун чақирилган бир гуруҳ журналистлар ички ишлар ходимлари томонидан тадбир ўтаётган жойга киритилмаган. Буни тармоқларда тарқалган бир қанча видеолардан ҳам кўриш мумкин.

Шундан кейин ўша куни кечки овқатда вазиятни гўё “юмшатиш”га уринмоқчи бўлган вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов оммавий ахборот воситалари вакилларига қўпол гаплар ишлатган ва мухбирлардан салбий маънодаги материаллар ёзмасликни сўраган.

“Тушунган инсон бўлса, ўзингизга энг яқин инсон деб қабул қилинглар. Менинг гапларимдан кавак қидирманглар. Овора бўлиб ёмонлик қидирмаларинг. Қўлларингдан бало ҳам келмайди барибир... Минг ўйлаганинг билан сочинг оқаради ёки тўкилади холос бошқа нарса бўлмайди”, – деган у.

Ҳоким билан бу учрашувда бевосита қатнашган “Менинг юртим” телеканали мухбири “Марказий студия” кўрсатувида бу гап-сўзларнинг ҳаммаси айнан журналистларга қаратилганини қайд этган. Аммо Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Daryo.uz'га берган изоҳида буни рад этган.

10 млрд сўмга тушган дабдаба

“Менинг юртим” телеканали мухбирининг таъкидлашича, жаҳон ва миллий эстрада юлдузларининг концерт бериб кетиши учун яхшигина гонорар тўлаб берилган.

Масалан, румин қўшиқчиси Иннага 130 минг, Юлдуз Усмоновага 12 минг, Ҳамдам Собиров ва Райҳон Ғаниевага эса 7 минг АҚШ доллари атрофида пул тўланган.

Андижон – бюджет тақчиллиги энг катта ҳудуд

Фестивалга қанча сарфлангани ва уни қайси манба молиялаштирганига оид саволлар билан Kun.uz вилоят ҳокимияти матбуот хизмати билан боғланишга уринди. Аммо ҳокимиятга алоқага чиқишнинг иложи бўлмади.

Эслатиб ўтамиз, Андижон республикадаги бюджет тақчиллиги энг юқори вилоят ҳисобланади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тайёрланган маҳаллий бюджетлар ижроси ҳақидаги ҳисоботга кўра, 2024 йилнинг биринчи ярмида Андижон вилоятининг даромадлари 1 трлн 744,2 млрд сўмни, харажатлари эса 3 трлн 114,3 млрд сўмни ташкил этган.

Содда қилиб айтганда, вилоят бюджетида жорий йилнинг 6 ойида 1 трлн 370,1 млрд сўмлик тақчиллик кузатилган. Бу республикадаги энг ёмон кўрсаткич.

Маълумот учун, 2024 йилнинг 7 ойида республика бюджети даромадлари 137,6 трлн сўм, харажатлари эса 174,1 трлн сўмни ташкил этиб, тақчиллик 36,5 трлн сўмга етди. Бюджет маблағларининг юқоридагига ўхшаш тадбирлар учун самарасиз ишлатилаётгани тақчилликнинг кенгайишига ва ташқи қарз миқдорининг ошиб боришига таъсир қиляпти.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади

Мавзуга оид