Иқтисодиёт | 18:50 / 05.08.2024
2080
2 дақиқада ўқилади

Осиёдаги фонд индекслари қуламоқда — Япониянинг Nikkei индекси 13 фоизга тушиб кетди

Япония фонд бозорининг қулаши мамлакат Марказий банкида фоиз ставкалари оширилиши ва Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик фонида юз бермоқда.

Фото: Point

Япониянинг Nikkei 225 фонд индекси 5 август савдолари якунига кўра 12,4 фозига тушиб кетди. Associated Press агентлигининг қайд этишича, Nikkei 225 индекси қулашнинг энг минимум кўрсаткичида 13,24 фоизга тушган — бу 1987 йил 20 октябрдан бери кузатилган энг йирик қулашдир.

Фонд индексларининг қулаши Осиё-Тинч океани минтақаларининг бошқа шаҳарларида ҳам рўй берди. Хусусан, Тайваннинг Taiex биржаси ҳамда Жанубий Кореянинг Kospi индекси 8 фоиздан ортиққа тушиб кетди.

Ҳиндистоннинг асосий фонд индекси Nifty 50 — 2,8 фоизга, Hang Seng Index — 2,5 фоизга, Австриялиянинг S&P/ASX 200 индекси 3,6 фоизга қулади. Осиё бозорлари индексининг қулаши фонида Москва биржаси 1,85 фоизга — 2847,47 бангача тушиб кетди. Россия бозори охирги марта бундай даражага бир йил олдин — 2023 йил 10 июлда тушганди.

Bloomberg таҳлилчиларининг таъкидлашича, Япония фонд бозорининг қулаши мамлакат Марказий банкида фоиз ставкалари оширилиши ва Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик фонида юз бермоқда. АҚШ иқтисодиётига оид маълумотларнинг эълон қилиниши ҳам яна бир омил бўлди. 2 август куни эълон қилинган статистикада қишлоқ хўжалигидан ташқари соҳаларда банд бўлмаганлар сони 114 минг кишига ошган — бу пандемия бошидан бери қайд этилган энг ёмон кўрсаткичдир. Бундан ташқари, Қўшма Штатларда ишсизлик 2021 йил октябридан бери максимал кўрсаткичга чиққан.

Nomura Securities катта таҳлилчиси Нака Матсузаванинг маълум қилишича, хориж инвесторлари «АҚШга рецессия яқинлашаётгани хатари сабаб» япон акцияларини сотмоқда.

Мавзуга оид