2 август куни Тошкентда Халқаро Нордик университети ва “UzReport” ахборот агентлиги ўзаро хамкорликда UzReport журналистика, медиа ва коммуникациялар академияси очилди. Ушбу янги ташкил қилинган Академияда “Журналистика” таълим йўналиши (бакалавриат) ва мутахассислиги (магистратура) бўйича дуал таълим шаклда журналистика соҳасида энг янги инновациялар, холис, тезкор ва креатив нуқтаи назар, профессионал билим ва кўникмаларга эга кадрлар, етук мутахассислар тайёрлаш кўзда тутилган.
Мазкур таълим йўналиши ва мутахассисликларга ҳужжат топширган абитуриентларни саралаб олиш жараёни икки босқичдан иборат бўлади: биринчи босқич – тест шаклида (Она тили ва адабиёти, тарих фанларидан) ва иккинчи босқич – оғзаки ва ёзма иш шаклида бўлиб ўтади.
Академияда ўқиш даврида талабаларга қуйидаги имкониятлар берилади:
- ўқиш давомида параллел равишда даромад топиш имкониятини яратиш: “UzReport TV”, “FTV” телеканаллари, www.uzreport.news ахборот порталида мухбир, муҳаррир, тасвирчи, PR-менежер, видеомонтаж устаси, сухандон, ижтимоий тармоқларда SMM мутахассиси сифатида ишлаш;
- бир пайтнинг ўзида дуал таълим асосида академик таълим ва “UzReport” Ахборот Агентлигида амалий билим олади;
- жамоавий лойиҳалар тақдим этилади, хорижий ва маҳаллий илмий грантларда иштирок этиш, стартап лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича тренинглар, журналистика соҳасида юқори нуфузга эга бўлган хорижий эксперт-журналистлар таклиф этилгани ҳолда “маҳорат дарслари” ҳам ташкил этилади;
- талабалар учун нафақат маҳаллий теле-каналларда амалиёт, балки хорижий давлатларда, хусусан, Финляндия, АҚШ, Жанубий Корея, Италия, Швеция, Венгрия, Франция давлатларида амалиёт ҳам ташкил этилади;
- ёзги таътил давомида талабалар учун махсус “Work and Travel” дастури йўлга қўйилади.
2024-2025 ўқув йилга бакалавриат кундузги таълим шаклига – 60 нафар, сиртқига – 60 нафар ва магистратурага – 30 нафар талаба қабул қилинади. Бакалавриатда кундузги ўқиш шакли учун тўлов йилига 32 млн сўм, сиртқи таълим олиш учун 34 млн сўм бўлса, магистратурадаги таълим учун 36 млн сўмни ташкил этади. Таъкидлаш лозим, барча қабул қилинган талабаларга 20% дан 100 фоизгача таълим гранти тақдим этилади. Грантлар Халқаро Нордик университети, “UzReport” Ахборот Агентлиги ва бошқа иш берувчи ташкилотлар томонидан ажратилади.














