Шереметово аэропортида 5 кун тунаб, уйига қайтган Достонбек Қурбонниёзовга кўра, чегара ҳудудида муҳожирларни урушга чақириш тарғиботи авж олган. Бунинг учун ойига 200 минг рубл ҳам ваъда қилинган. Унга рози бўлмаганлар сўроққа тутилиб, ортга қайтарилмоқда. 

Россиянинг Москва шаҳрига ишлаш учун борган бир гуруҳ ўзбекистонликлар чегарадан ўта олмай, Шереметово аэропортида егуликсиз, ёрдамсиз қолиб кетди. Бу ҳақда дастлаб Migrant.uz сайти хабар қилди.

Хўш, ҳозирга келиб уларнинг аҳволи қандай? Аэропортдан уйига қайта олмаётганлар сони қанча? Нима сабаб улар ушлаб турилибди? Kun.uz айни мавзу юзасидан Шереметовода 5 кун қолиб, 15 августда Қорақалпоғистонга қайтган Достонбек Қурбонниёзов билан суҳбатлашди.

Таъкидланишича, у 10 август санасида Урганч шаҳридан Аэрофлот авиакомпаниясининг рейси билан Москвага учган. Шереметово аэропортига қўнганидан сўнг муаммо паспорт текширувига келганда бошланган.

[Паспорт текширувида] тўхтатишди, камерага қарадик, муҳр қўядиган жойида савол-жавоб қилди. Чегарачи қаерга кетаётганимни, Россияга келишдан мақсадим нима экани, олдин нима иш қилганимни сўради. Кейин ҳозирги ишимдан ҳам яхшироқ иш таклиф қилиши ҳақида бир неча маротаба сўради. Йўқ деганимдан кейин чеккага чиқариб қўйди.

Армияга хизматга боришимни сўрашганди, ойлигим 200 минг рубл бўлишини, олдиндан маълум суммада пул беришларини ҳам айтишди. Рози бўлмаганимдан кейин ортга қайтариб, қўшимча савол-жавоб учун бир хонага олиб киришди. У ерда яна сўроқ бўлди. Кейин шу билан ўша ердан ҳам бошқа жойга жўнатишди. У ерда бармоқ изларини олишга бошқа хонага олиб киришди. Шу билан кутиш залига ўтказиб юборишди. У ерда 5 кун қолиб, Ўзбекистонга келдик”, – дейди Қурбонниёзов.

Суҳбатдошга кўра, аэропортда қолиб кетган фуқароларга ёрдам бериш учун ҳеч қайси масъул ташкилот келмаган. Одамлар кутиш залининг ўзида тунаб қолган.

Migrant.uz порталига қилинган мурожаатдан кейин элчихонадан одам келганини айтишди, лекин мен кўрганим йўқ. 5 кун давомида [кутиш залидаги] ўриндиқда ўтирдик. У ерда ухлаб қолишнинг иложи йўқ, энди ухлашга ётсангиз, карнайлардан “диққат, ҳурматли йўловчилар!” деб гапиришни бошлайди, у ерда тузукроқ дам олишнинг имкони йўқ.