Жаҳон | 12:00 / 17.08.2024
4681
2 дақиқада ўқилади

Россияда YouTube иши секинлашишига нима сабаб экани тахмин қилинди

Россия ташвиқоти бўлган YouTube-каналларини блоклаш чўққиси 2024 йил май-июн ойларида содир бўлди. Эҳтимол, Роскомнадзор бунга жавобан Россияда YouTube’ни секинлаштиришга қарор қилган, деб ёзади «Новая газета Европа».

Фото: Simon Daval/Maxppp/dpa/picture alliance

Россияда YouTube секинлашиши рус пропагандасини тарқатувчи рекорд миқдордаги аккаунтлар видеохостинг сайтидан олиб ташланганидан кейин деярли дарҳол содир бўлди. Бу ҳақда 16 август, жума куни Google ҳакерлик ва ахборот ҳужумларига қарши курашувчи Threat Analysis Group (TAG) бўлинмаси чорак ҳисоботлари маълумотларига асосланиб, «Новая газета Европа» ёзди. 

Ушбу маълумотларга кўра, 2020 йилдан бери TAG Россия пропагандасини тарқатувчи 9400 га яқин YouTube-каналларини блоклаган. Уларнинг катта қисми (8800 та) Украинада тўлиқ миқёсли уруш бошланганидан кейин ўчириб ташланган ва блоклашнинг энг юқори чўққиси 2024 йилнинг май-июн ойларига тўғри келган: шу даврда ўчирилган каналлар умумий соннинг 38 фоизига (яъни, деярли 3600 та) тенг бўлди.

Блокланган YouTube-каналлари рўйхати тақдим этилмаган 

Ҳисоботларда ёпилган каналлар рўйхати эълон қилинмаган ва блоклаш сабабларининг батафсил мезонлари ошкор этилмаган. Бироқ, TAG маълумотларига кўра, энг кўп блокланган каналлар Россия ҳукуматини қўллаб-қувватлаш бўйича мувофиқлаштирилган кампаниялар (8858), шунингдек, Ғарб (8192) ва Украинани (7648) танқид қилганлар бўлган. Камдан-кам ҳолларда ўчирилган аккаунтлар эса рус армиясининг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган (912) ёки рус мухолифатини танқид қилган (280). Ушбу каналларнинг баъзилари чет тилларида, асосан инглиз, француз, араб ва украин тилларида эфирга узатилган. 

Мақола эълон қилинган пайтда камида учта алоқа оператори («Дом.ру», ОНС-24 ва «Телеком-Сервис») YouTube билан боғлиқ муаммолар «Роскомнадзор регламенти» туфайли юзага келганини тан олди. YouTube’га эгалик қилувчи Google, шунингдек, Россияда YouTube ишидаги носозликларга техник ишлар сабаб эмаслигини таъкидлаган. 

«Шундай қилиб, Роскомнадзор платформа маъмурияти томонидан Россия ташвиқоти контентини блоклаш кескин кучайиши муносабати билан YouTube ишини секинлаштиришга қарор қилган бўлиши мумкин», дея тахмин қилади «Новая газета Европа». 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид