Жаҳон | 11:53 / 18.08.2024
26645
4 дақиқада ўқилади

Актёр Ален Делон вафот этди

У ўтган асрнинг иккинчи ярмида дунёдаги энг таниқли актёрлардан бири бўлганди.

Фото: Getty Images

Француз актёр Ален Делон 18 август куни 88 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақдаги маълумотни унинг фарзандлари AFP агентлигига тасдиқлаган. Хабарда ўлим сабаби келтирилмаган.

«Ален Фабен, Аннушка, Энтони, шунингдек [унинг ити] Лубо улкан андуҳ билан ўз отаси кетгани ҳақида маълум қилади. У Душидаги ўз уйида, ўзининг уч фарзанди қуршовида қийналмасдан абадий уйқуга кетди», — дейилган хабарда.

2019 йилда инсултни бошдан кечирган Ален Делон Швейцариянинг L'Illustre нашрига эвтаназия қилишга қарши эмаслигини айтганди. «Мен ўзимиз яшаётган даврдан нафратланаман, бу менинг кўнглимни оздиради», — деганди у 2018 йилда.

Ален Делон рафиқаси Натали ва ўғли Энтони билан, 1965 йил 15 август.
Фото: Keystone / Hulton Archive / Getty Images

Ален Делон 1935 йил 8 ноябрда, Париж чеккасида туғилган. Уни бир неча марта мактаб ва интернатлардан ҳайдашган, 17 ёшида у Ҳиндихитойга денгизчи сифатида хизмат қилишга йўл олган, беш йил ўтиб Францияга қайтган. Делон ўз касбини кўп марта ўзгартирган: юк ташувчи, официант, бармен бўлган, 1957 йилда унинг қобилиятини пайқаб қолиб, «Аёл аралашганда» (Quand la femme s'en mêle) картинасидан рол таклиф этишганидан кейин актёрга айланган.

Ален Делон, «Аёл аралашганда» филмидан кадр (1957).
Фото: Cino del Duca

Экранлардаги дебютидан уч йил ўтиб эса Делон «Рокко ва унинг биродарлари» (Rocco e i suoi fratelli) криминал драмасидаги ижроси учун бутун дунёга танилган.

Лукино Висконти ва Ален Делон "Рокко ва унинг биродарлари" филмини суратга олиш чоғида

Унинг филмографиясидан 80 га яқин кинофилмлар ўрин олган, улар сирасида «Ёрқин қуёшда» (Plein Soleil), «Леопард», «Қора лола» (La tulipe noire), «Ҳовуз» (La piscine), «Месе Кляйн», «Самурай» (1967), «Борсалино» (1970), «Зорро» (1975) кабиларни санаш мумкин. Делон Лукино Висконти, Жан-Люк Годар, Жан-Пиер Мелвил, Микеланжело Антониони ва Луи Мал каби режиссёрлар билан ишлаган.

Хизмат йилларида орттирилган кўникмалар Делонга "Йўқолган отряд" картинаси устида ишлаш чоғида қўл келади, унда у Клаудия Кардинале билан биргаликда суратга тушган

У шунингдек сериалларда роллар ижро этган, режиссёр ва продюсерлик қилган. Бундан ташқари, Делон бир қанча мусиқий композициялар, асосан дуэтлар, жумладан Далида билан «Paroles… Paroles…» қўшиғини чиқарган.

Унинг фаолияти халқаро кинофестивалларда кўплаб мукофотларга сазовор бўлган, жумладан французларнинг «Сезар» миллий киномукофоти, Американинг «Олтин глобуси». Делон — Фахрий легион ордени кавалери эди.

2017 йил майида Делон кинокарьераси якунланганини эълон қилганди. «Мен, худди ортиқча жанг ўтказишни истамайдиган боксчи каби ортиқча филмларда суратга тушишни истамайман», — дея изоҳлаганди у.

Унинг барча фарзандлари кино ва театр актёрлари бўлишган.

Мавзуга оид