IT Park Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда соврин жамғармаси 1 миллион долларни ташкил этувчи “President Tech Award” танловининг иккинчи тўлқини бошланганини эълон қилади.
President Tech Award — бу ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ўтказиладиган тадбир бўлиб, унинг мақсади ёш IT-мутахассисларни қўллаб-қувватлашдир. Ўтказилаётган танлов ёш дастурчиларни бирлаштириш орқали уларга ўз стартапларини яратиш ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, шунингдек, биринчи молиялаштиришни қўлга киритиш ва мамлакат рақамли иқтисодиётини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшиш имконини беради. “President Tech Award” танловининг биринчи тўлқини 400 дан ортиқ жамоаларни шакллантирган 4000 нафардан зиёд ёш IT-мутахассисларни жалб қилган эди.

“President Tech Award” танловининг асосий вазифаси — халқаро миқёсда рақобатлаша оладиган юқори сифатли дастурий ечимларни яратишни илгари суриш орқали маҳаллий IT-саноатни ривожлантиришни рағбатлантиришдир. Иккинчи мавсум учун жамоалардан аризаларни қабул қилиш 2024 йил 20 августгача давом этади, шундан сўнг иштирокчиларни дастлабки саралаш ва буткемп бошланади.
Асосий йўналишлар рўйхатига қуйидагилар киради: сунъий интеллект технологияларини яратиш, компьютер ёки мобиль ўйинларни ишлаб чиқиш, Michro-Saas ва AdTech соҳаларида технологик ечимлар, ижтимоий соҳада рақамли технологиялар, тадбиркорлик ва молиявий технологиялар. Маҳсулотнинг инновационлиги, функционаллиги ва ҳаётнинг турли жабҳаларини яхшилаш салоҳияти баҳолашнинг муҳим мезонлари ҳисобланади.
Умумий соврин жамғармаси 1 миллион долларни долларни ташкил этади ва у ҳар бир йўналишдаги энг истиқболли учта лойиҳа ўртасида тақсимланади. Асосий йўналишлар бўйича танловда Ўзбекистон Республикасининг 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган барча фуқаролари иштирок этиши мумкин. 5 та асосий йўналишлардан бирида иштирок этиш учун 3-8 кишидан иборат жамоа йиғилиши талаб этилади.
Танлов бир неча босқичда ўтказилади:
20 августгача жамоалардан аризалар қабул қилинади.
1 августдан 31 августгача иштирокчиларни дастлабки саралаш ўтказилади.
5 августдан 30 августгача Bootchamp бўлиб ўтади, унда иштирокчилар халқаро даражадаги тадбиркорлар билан мулоқот қилиш ва IT ва бизнес йўналишлари бўйича ўқув интенсивларига ташриф буюриш орқали ўз билимларини оширишлари ва янги кўникмаларга эга бўлишлари мумкин.















