Газ таъминоти бўлмаганда кам энергия билан уйни иситиш, марказлашмаган ҳолатда ҳам иссиқ сув билан таъминланган хонадонда яшаш мумкин. Иссиқлик насослари иситиш, совитиш, иссиқ сувни етказиб беришни ўз зиммасига олади. БМТТДнинг “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойлари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси орқали бу насосларни ўрнатиш ва фойдаланишни бошлаш мумкин.
Иссиқлик насослари – мўътадиллаштирувчи қурилма
Иссиқлик насослари хона ҳароратини иситиш ва совитишга хизмат қилувчи қурилма бўлиб, у энергияни бир жойдан иккинчи жойга кўчириш орқали ҳавони мўътадиллаштириш вазифасини бажаради. Қурилманинг ўзига хос томони шундаки, у тупроқ, ҳаво, ер ости ва ер усти сувлари каби энергия манбаларидан иссиқликни олиб, бино ичига йўналтиради ва жараёнда оз миқдорда энергия сарфлайди.
Қурилмадан фойдаланиб келаётган хонадон эгалари унинг фойдали жиҳатларини таъкидлади:
“Бундан 6 ой аввал иссиқлик насоси ўрнатганмиз. Илгари электр котёлдан фойдаланганмиз, тоғ шароити бўлгани учун фақат электр бор, газ йўқ. Ўша пайтда тариф бўйича тахминан 5 млн сўмлик электр ишлатганмиз. Иссиқлик насоси ўрнатганимиздан кейин бир ойлик харажатимиз 1,5 млнга тушди. Яъни бир ойда 3-4 баравар қисқарди. Тошкент шаҳрида ҳам уйим бор, у ерда яшаганимизда газдан фойдаланиб иситамиз, ҳисоблаб кўрсам газдан ҳам 15-20% арзонга тушди. Баъзида шаҳар ташқарисидаги уйимизда газ йўқлигидан хафа бўлардик. Энди қарасам иссиқлик насослари билан харажатларимиз газдан ҳам арзонга тушяпти. Чунки тоғ шароитида баъзида ҳарорат -20 даражага тушиб кетади, қор кўп бўлади, уйни иситиш учун электр котёллар кўп электр сарфлайди. Ҳозир эса бу уйда яшаш бизга шаҳардаги уйимизда яшагандан кўра арзонга тушяпти, чунки иссиқлик насослари ҳам иссиқ сувни етказиб беради, ҳам уйни иситиб беради. Яқинда қуёш панеллари ўрнатиб харажатларимизни янада камайтирмоқчимиз”.
Қурилма қандай ишлайди?
Иссиқлик насослари ихчам, тежамкор ва экологик тоза тизим бўлиб, у хонадоннинг ташқари қисмига ўрнатилади, Хонадон эгалари иссиқлик насосларини сотиб олишдан олдин яшаётган ҳудудидаги иқлим шароитини ҳисобга олишлари муҳим саналади. Мазкур қурилма, одатда, ҳарорат музлашдан пастга тушмайдиган, илиқроқ иқлим шароитида яхшироқ ишлайди.
Ўрнатиш жараёнида хонани иситиш ва совитиш ҳажмларини баҳолашдан тортиб, иссиқлик насосининг ўлчамини тўғри танлаш ва жойлаштириш муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.













