Трансафғон темирйўли қурилиши бўйича амалий ишлар тез орада бошланади — Лазиз Қудратов
1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида имтиёзли савдо битими ишга тушади ва Афғонистоннинг қатор маҳсулотларига бож бекор қилинади. Афғон тадбиркорлари Термиз халқаро савдо марказига визасиз кириб, ҳеч қандай солиқларсиз фаолият юритиши мумкин бўлади, дея маълум қилди Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири.
17 август куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Афғонистонга ташриф буюрганди. Ташриф доирасида Кобулда Афғонистон бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар, бош вазирнинг маъмурий масалалар бўйича ўринбосари Абдус-Салом Ҳанафий, бош вазирнинг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Кабир ва ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон–Афғонистон бизнес-форуми ҳам ташкил этилди. Форумда инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов чиқиш қилиб, икки томонлама ҳамкорликдаги муҳим йўналишларга тўхталиб ўтди. Унинг нутқини Афғонистондаги RTA телеканали тақдим этди.
“Биринчидан, мамлакатларимиз ўртасида ўзаро савдони янада ошириш ва яқин истиқболда 3 млрд долларга етказиш бўйича катта режаларимиз бор. Бу борада жорий йил 1 октябрдан бошлаб икки мамлакат ўртасида имтиёзли савдо битими ишга тушади. Ушбу ҳужжат доирасида келишилган қатор маҳсулотлар, шу жумладан, Афғонистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, гиламлар, мармар учун импорт божлари бекор қилинади. Бу экспортёрлар учун қулайлик яратади.
Иккинчидан, давлатларимиз ўртасидаги Айритом–Ҳайратон чегара постида божхона тизими 24 соатлик иш режимига ўтказилди. Бундан буён мамлакатлар ўртасидаги автомобиллар қатнови тун-у кун амалга оширилади. Бу икки давлат тадбиркорлари иш фаолиятида қўшимча 2 баробар кўп имконият яратади. Ўзаро савдо ҳажмларини янада ривожлантиради.
Учинчидан, биродар афғон халқига қулайлик яратиш мақсадида яқин кунларда Ўзбекистон жанубида Термиз халқаро савдо марказини тўлиқ ишга тушириш бўйича ишлар амалга ошириляпти. Марказга ташриф буюрувчилар учун 15 кунлик визасиз режим жорий қилинди. Афғонистон тадбиркорлари барча солиқлардан озод этилади. Бугун марказдан фойдаланиш бўйича ҳужжат имзоладик.
Тўртинчидан, инвесторларни ҳимоя қилиш ва инвестиция оқимларини янада кўпайтириш учун афғонистонлик ҳамкасбларимиз билан фаол ишлаяпмиз. Шу мақсадда инвесторларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича келишув имзоланди.
Бешинчидан, мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, тоғ-кон саноати ва геология, энергетика, қишлоқ хўжалиги ҳамда божхона йўналишларида қўшма комиссия ва қуйи қўмиталар шакллантирилди. Бундан асосий мақсад – икки давлат ўртасидаги мавжуд масалаларни доимий равишда муҳокама қилиб бориш ва муаммоларни бартараф этиш бўйича жойида чоралар кўришдир. Мавжуд масалаларни ҳал этиш бўйича қуйи қўмиталар ҳар чоракда камида бир марта йиғилиб, аниқ ечимлар ишлаб чиқади.
Олтинчидан, ҳозирда трансафғон темирйўл линияси қурилишини бошлаш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур темирйўл барча тадбиркорларимизга катта имкониятларни яратиб, ўзаро савдода қулай муҳит яратишга имкон беради. Тез орада мазкур лойиҳа доирасида амалий ишлар бошланади”, дея таъкидлаган Лазиз Қудратов .
Маълумот учун, Афғонистон Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида энг юқори улушга эга ўнта мамлакат қаторига киради. 2024 йилнинг январ-июл ойларида ўзаро савдо ҳажми 461 млн долларни ташкил қилган.
Тавсия этамиз
Трамп 2.0 ўзгарган Яқин Шарққа нималар ваъда қилмоқда?
Жаҳон | 21:45 / 20.01.2025
3 га 90. Исроил ва Ҳамас ўртасидаги сулҳ қандай кечмоқда?
Жаҳон | 20:11 / 20.01.2025
Халқаро танловда ғолиб бўлган президент мактаби ўқувчиларига BYD совға қилинди
Ўзбекистон | 19:59 / 20.01.2025
“Энг хавфсиз парвоз танланади” — Uzbekistan Airways осмондаги фавқулодда ҳолатларга тайёрми?
Ўзбекистон | 17:03 / 20.01.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Трамп инаугурация маросимида: «АҚШ ҳукумати фақат икки жинсни тан олади»
Жаҳон | 03:50
-
The Guardian: Халқаро жиноий суд «энг ёмон сценарийга» тайёрланмоқда
Жаҳон | 00:50
-
Латвияда Россия фуқароларининг айрим соҳаларда фаолият юритиши тақиқланади
Жаҳон | 00:18
-
Эрон президенти Кремлда музокараларга кеч қолган Путинни кутишдан бош тортган
Жаҳон | 23:42 / 20.01.2025
Мавзуга оид
20:31 / 17.01.2025
АҚШ Афғонистоннинг музлатилган активларини тақиқдан чиқармади
13:45 / 17.01.2025
Ўзбекистон ва Миср Афғонистондаги вазият юзасидан учрашув ўтказди
16:30 / 11.01.2025
«Толибон» Ғарбдан Афғонистондаги 20 йиллик уруш учун товон пули талаб қилди
18:00 / 10.01.2025