Жаҳон | 13:13 / 21.08.2024
2234
2 дақиқада ўқилади

Америкалик ҳуқуқ фаоли ФТБни Фаластинни қўллаб-қувватлагани учун таъқиб қилишда айблади

Усама Абуиршаид ўзининг рўйхатга киритилишини фаластинликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиши ва АҚШ Ғазога нисбатан сиёсатини танқид қилишини тўхтатишга уриниш деб билади. 

Усама Абуиршаид Фото: Wisconsin Muslim Journal

Америкалик ҳуқуқ ҳимоячиси Усама Абуиршаиднинг «Анадолу» агентлигига айтишича, АҚШ Федерал тергов бюроси уни Фаластинга хайрихоҳ фаолияти туфайли махфий кузатув рўйхатига киритган. 

Унинг сўзларига кўра, бу миллий хавфсизликни таъминлаш чоралари баҳонасида фуқаролар эркинликларини бузишдир.

Усама шу йилнинг июн ойида ФТБ кузатувлари рўйхатида эканлигини билган. У аввал ҳам рўйхатда бўлган, бироқ 2017 йилда ундан олиб ташланган.

«Кузатув рўйхати «гумонланувчилар» ёки «таниқли террорчилар» деб атайдиганларни нишонга олади. У жуда кенг қамровга эга. Бу рўйхатга киритиш мезонлари қандай эканини ҳеч ким билмайди», — деди агентлик суҳбатдоши.

Абуиршаид рўйхатга киритилганидан кейин саёҳат қилишда дуч келган қийинчиликлар ҳақида гапирди. Хусусан, онлайн рўйхатдан ўтиш ёки аэропортларда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш киоскларидан фойдаланиш мумкин эмас. Фаолнинг айтишича, у бунинг ўрнига алоҳида хавфсизлик процедурасидан ўтади, бу эса шахсий маълумотларни тақдим этиш ва багажни синчковлик билан текширишни талаб қилади.

«Мен бундай рейсларда кўп бўлганман. Мен жуда катта таъқибларга дучор бўлдим», - дейди Усама.

Абуиршаиднинг сўзларига кўра, аэропортдаги федерал агентлардан бири унинг рўйхатга киритилишини Фаластинни қўллаб-қувватлаши билан бевосита боғлаган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси ўзининг рўйхатга киритилишини фаластинликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиши ва АҚШ Ғазога нисбатан сиёсатини танқид этишини тўхтатишга уриниш деб билади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид