21 августга ўтар кечаси учувчисиз учиш қурилмалар пойтахт Москвага ва Россиянинг бошқа регионларига ҳужум уюштирди.

Москва шаҳри мэри Сергей Собянин телеграм-каналида тунда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари шаҳар томон учиб келган ўнта пилотсиз қурилмани уриб туширгани ҳақида ёзган. Собянин дронлар ҳужуми ҳақида соат 03:02 дан соат 04:43 га қадар вақт оралиғида хабарлар берган.

Собяниннинг илк хабарларида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Москва области Подолск шаҳар округида дронлар ҳужумини қайтаргани айтилган. «Парчалар тушган жойда, дастлабки маълумотларга кўра, вайронгарчиликлар ва жабрланганлар йўқ», — деган Собянин. «Бу Москвага шу вақтгача кузатилган дронлар билан ҳужум қилишга энг йирик уринишлардан бири бўлди», — дея қўшимча қилган Москва мэри.

Россиядаги телеграм-каналларда эълон қилинган бир қанча видеоёзувларда дронлар уриб туширилиши акс этган. Ҳудудида дронлар уриб туширилган Москва области расмийлари ҳозирча ҳодиса юзасидан изоҳ бермади.

Росавиация хабарига кўра, дронлар ҳужуми вақтида Москвадаги Внуково, Домодедово ва Жуковский аэропортларида парвозлар хавфсизлиги учун вақтинча чеклов чоралари жорий этилган, саккиз самолёт захира аэродромларига йўналтирилган. Ҳозирда аэропортлар одатий режимда ишламоқда.

Дронларнинг «ёпирилма» ҳужуми ҳақида Брянск области губернатори Александр Богомаз ҳам хабар берган. «Кеча кечқурун ва тунда самолёт типидаги 23 та пилотсиз учиш аппарати тутиб олинди ва йўқ қилинди», — дея ёзган у телеграм-каналида. Богомаз «барча ҳужумлар қайтарилгани, жабрланувчилар ва вайронгарчиликлар йўқлиги»ни таъкидлаган.

Калуга области губернатори Владислав Шапша телеграм-каналида тунда ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари Брянск области билан чегарада учта дрон уриб туширилганини маълум қилди. Унинг қайд этишича, дронлар одамсиз ҳудудда йўқ қилинган. Қуруқликдаги оқибатлар ҳақида аниқлик киритилмаган.

Белгород области ҳам зарба остида қолди, деб хабар қилади регион губернатори Вячеслав Гладков. Тунги соат икки атрофида у телеграм-каналида Белгород шаҳри ва Белгород райони узра Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими «бир неча ҳаво нишонлари»ни уриб туширганини айтган. Гладковнинг сўзларига кўра, жабрланганлар ва вайронгарчиликлар ҳақида маълумот йўқ.

Курск области раҳбари Алексей Смирнов телеграм-каналида тунда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари регион устида украинларнинг икки ракетаси ва икки дрони уриб туширилгани тўғрисида хабар қолдирган. У ҳам қуруқликдаги оқибатларга тўхталмаган.