Жаҳон | 18:50 / 21.08.2024
1974
2 дақиқада ўқилади

Украина Халқаро жиноий суднинг Рим статутини ратификация қилди

Рим статутининг ратификация қилиниши Украинага Халқаро жиноий судга тўлақонли аъзо бўлиш, шу жумладан судялар ва суд прокурори лавозимларига ўз номзодларини кўрсатиш, суд мажлисида иштирок этиш ва бошқа микониятларни беради.

Фото: AP

Украина Олий Радаси Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) Рим статутини ратификация қилди. 21 август куни бўлиб ўтган йиғилишда 281 депутат қарорни ёқлади, бир депутат қарши, 22 нафари бетараф бўлди, 24 нафари овоз бермади. Бу ҳақда депутат Ярослав Железняк хабар берди.

Железнякнинг айтишича, «кўриб чиқиш жараёнида жуда жиддий муҳокама бўлди, тарафдорлар ҳам, қаршилар ҳам кўп эди».

Украина президенти Володимир Зеленский 15 август куни Радага тегишли қонун лойиҳасини киритган эди. 20 август куни ҳужжат Раданинг ташқи сиёсат бўйича қўмитаси томонидан қўллаб-қувватланди.

Қабул қилинган тузатишлар матнида таъкидланишича, Рим статути кучга кирганидан кейин 7 йил давомида Украина ўз фуқаролари томонидан содир этилган деб тахмин қилинган ҳарбий жиноятларга нисбатан Халқаро жиноий суднинг юрисдикциясини тан олмайди.

Украина президенти девони раҳбари ўринбосари Ирина Мудрая сўзларига кўра, Рим статутининг ратификация қилиниши Украинага Халқаро жиноий судга тўлақонли аъзо бўлиш, шу жумладан судялар ва суд прокурори лавозимларига ўз номзодларини кўрсатиш, суд мажлисида иштирок этиш, судяларни сайлаш ва суд билан «самарали ҳамкорлик қилиш» имконини беради. Бундан ташқари, агар Россия президенти Владимир Путин борган мамлакатлар Рим статутини ратификация қилган бўлса, Украина уларга мурожаат қилишга ҳақли бўлади.

Украина 2000 йил 20 январда Рим статутини имзолаган, бироқ уни узоқ йиллар давомида ратификация қилмаган. Рим статутини ратификация қилиш Украинанинг Европа Иттифоқи билан 2014 йилда имзоланган иттифоқдошлик шартномаси бўйича мажбуриятларидан биридир.

Халқаро жиноий суд 2023 йил мартида Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берган. У Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний равишда депортация қилганликда гумон этилмоқда. Худди шундай айблов билан ордер Россия президенти ҳузуридаги Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Лвова-Беловага нисбатан ҳам чиқарилган.

Мавзуга оид