Қурбонлар ҳақидаги маълумотлар бир-бирига терс келмоқда: аввалига 11 фаластинлик ҳалок бўлгани айтилганди, аммо кейинроқ бошқа рақамлар келтирилди.

Фаластин расмийларининг сўнгги маълумотларига кўра, исроиллик ҳарбийларнинг ўтган тунда бошланган амалиёти оқибатида камида тўққиз киши ҳалок бўлган: тўрт нафари — Ал-Фараа қочқинлар лагерига авиазарба оқибатида, яна беш киши — Женин ва Тулкармда дронлар зарбаси ва қуролли тўқнашувлар туфайли.

Бу маълумот фаластинлик шифокорлар берган хабарга мос келади: Тубасдаги шифохонага етти жасад олиб келинган, Жениндаги шифохона яна икки жасадни қабул қилиб олган.

Шу билан бирга, Қизил ярим ой жамиятининг Фаластиндаги вакили қурбонлар сони ўн нафардан кам эмаслиги ва ҳатто кўпроқлигини, чунки «тез ёрдам» машиналари ва шифокорлар айрим жабрланганлар олдига етиб бора олмаётганини айтган.

Бу амалиёт — иккинчи интифада (фаластинликларнинг 2000–2005 йиллардаги йирик қўзғолони) давридан буён Фаластиннинг бир вақтнинг ўзида бир неча шаҳри зарба остида қолиши билан боғлиқ илк ҳолатдир.

Ҳамаснинг 7 октябр кунги ҳужуми ва унинг ортидан Ғазо секторида бошланган уруш ортидан Ғарбий соҳилда ҳам зўравонлик ҳолатлари бўлиб ўтди.

Исроил қўшини ушбу ҳудудда рейдлар ўтказиб, буни Исроилда ҳам, Ғарбий соҳилда ҳам фаластинликларнинг ҳужумларининг олдини олиш ва тўхтатишга уриниш сифатида изоҳлайди.

Доимий кескинлик ўчоғи ҳисобланган Женинда Исроил қўшини назорат-ўтказиш пункти ўрнатилган битта йўлдан бошқа барча йўлларни блоклаган.

Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, исроиллик ҳарбийлар Жениндаги давлат шифохонасини ва унинг яқинида жойлашган Ибн Сино шифохонасини, шунингдек, Қизил ярим ой жамиятининг Фаластиндаги бўлими штаб-квартирасини ва «Беморлар дўсти» жамияти биносини қуршаб олган.

Исроилликлар икки шифохонани ҳам штурм қилиб эгаллашни режалаштирмоқда, бу эса у ердаги ўнлаб беморлар ҳамда шифокорлар ҳаётига хавф солади.

«Айни вақтда айрим беморлар шифохонани тарк этишга ҳаракат қилмоқда, аммо бунинг учун уларнинг ҳужжатлари ЦАҲАЛ жангчилари томонидан текширилиши лозим. Бу жуда қўрқинчли вазият», — деган BBC мухбирига воқеа жойида бўлган журналистлардан бири.