Ўзбекистон | 11:22 / 07.09.2024
15175
3 дақиқада ўқилади

Бахтиёр Қудратуллаев (“Бахти Ташкентский”)га оид иш апелляция инстанциясида кўрилаётгани маълум бўлди

ЖИБ Юнусобод туман суди ҳукми билан 20 йил озодликдан маҳрум қилинган Бахтиёр Қудратуллаевнинг адвокати томонидан киритилган апелляция шикояти Тошкент шаҳар судида кўриб чиқилмоқда. Шикоятда Қудратуллаевни айрим айбловлар бўйича реабилитация қилиш ҳамда ҳукмнинг уни ўта хавфли рецидивист деб топиш ҳақидаги қисмини бекор қилиш сўралмоқда. Апелляция шикояти берганлар орасида Қудратуллаевнинг акаси ва яна 6 нафар судланувчи бор.

Фото: Kun.uz

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2024 йил 19 июлдаги ҳукми билан Бахтиёр Қудратуллаев ҳамда бошқа шахслар жиноий жазога тортилганди.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, мазкур ҳукм устидан судланувчиларнинг адвокатлари томонидан апелляция тартибида шикоят киритилган.

Улар орасида Бахтиёр Қудратуллаев, унинг акаси Шухрат Қудратуллаев, Матлуб Мирзоев, Анвар Мирзахонов, Феруз Вафоев, Асадулло Жўраев, Файзиддин Камолов ҳамда Маҳмуджон Усмонбоев бор. 

Бахтиёр Қудратуллаев апелляция шикоятида жиноий уюшма ташкил этиш ва товламачилик жиноятини содир этмаганини, қилмишларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш жинояти таркиби мавжуд эмаслигини, айбловдаги ўндан ортиқ эпизодларга алоқаси ва дахли бўлмаганлиги сабабли қатор айбловлар бўйича оқлов ҳукм чиқариб, ҳукмнинг хавфли рецидивист деб топишга оид қисмини бекор қилишни сўраган.

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида ишни кўриб чиқиш бошланди.

Маълумот учун, суд ҳукмига кўра, “Бахти Ташкентский” номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “г” банди, 109-моддаси 2-қисми, 165-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари, 168-моддаси 4-қисми “в” банди, 242-моддаси 1-қисми, 243-моддаси ва 276-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, у Жиноят кодексининг 34-моддасига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилиб, тайинланган жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланган. 

Эслатиб ўтамиз, дастлабки суд ҳукми билан судланувчиларга 3 йилдан 20 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган эди. Фақат судланувчилар орасидаги ягона аёл Н.Жуманиязовага озодликни чеклаш билан боғлиқ бўлган жазо берилган. Ҳукм билан 6 киши хавфли рецидивист деб топилган ва улар жазони махсус тартибли колонияларда ўташи белгиланганди

Ҳукм эълон қилинганидан бир кун ўтиб 60 ёшли Шукурали Қурбонов вафот этгани хабар қилинганди.

 

Мавзуга оид