Kun.uz'га Enter Engineering компаниясининг бошқарув офисида ишлайдиган ходимлар уларга бир неча ойдан бери маош тўланмаётганидан шикоят қилиб мурожаат йўллади.

“Сентябрда бизга (офис ишчиларига) ойлик иш ҳақи тўлашмаётганига 6 ой бўлди. Ҳеч кимнинг булар билан иши йўқ, ҳеч кимнинг буларга тиши ўтмайди. Илтимос, шу масала бўйича суриштирув олиб боринг, зора ҳолат яхши томонга ўзгарса”, – дейилади мурожаатда.

Таъкидланишича, Бойсундаги конда рўй берган авария оқибатини юмшатиш ҳаракатлари сабаб ойликлар яна кечиктирилиши мумкин.

1 сентябр куни техноген офат рўй бериб, атмосферага водород сулфид гази тарқаган Мустақилликнинг 25 йиллиги кони лойиҳасида Eriell ва Enter Engineering компаниялари пудратчи сифатида қатнашмоқда. Конни ўзлаштириш бўйича бош пудратчи – Eriell. Газни қайта ишлаш заводи, инфратузилма объектлари, газни йиғиш, тайёрлаш ва етказиб бериш тизимини лойиҳалаштириш, ускуналарни етказиб бериш ва қуриш ишлари эса “тайёр ҳолда топшириш” шарти билан Enter Engineering компаниясига юклатилган.

Мурожаатда Enter Engineering'нинг офис ходимлари апрел ойидан бери ойликсиз ишлаётгани, нима сабабдан ойлик берилмаётгани ҳақидаги саволларга раҳбарлар жавоб бермаётгани, “шунчаки пул йўқ” дейиш билан кифояланаётгани, бир қатор ходимлар ишдан бўшаётгани айтилган. Ишдан бўшаётган ходимларнинг айримлари бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ҳам ёзган.

7-8 сентябр кунлари Enter Engineering ходимларига кечиккан маошларнинг бир қисми тарқатилган. / Фото: Ижтимоий тармоқлар /

Аввалроқ, Daryo.uz Олмалиқ кон-металлургия комбинати таркибидаги 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишида ишлаётган Enter Engineering ишчилари Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллигини пулсиз кутиб олгани ҳақида ёзганди. Ходимлар 2024 йилнинг май ойи учун “аванс” берилганини, ўшандан бери маошсиз ишлаб келишаётганини айтишган.