Ўзбекистон | 17:39 / 11.09.2024
7360
2 дақиқада ўқилади

Камбағалликни қисқартириш бўйича ўзгариш бўлмаётган ҳудудлар маълум қилинди

Биринчи ярим йилликда Навоий, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги камбағаллик даражасида ижобий ўзгариш бўлмаган. 15 та туманда камбағаллик 20 фоиздан юқорилигича қолмоқда. 16 та туманда эса аҳолига бўлиб берилган ерларда 2-3 мартадан ҳосил олиш ҳисобига камбағаллик 2 карра камайган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Камбағалликни қисқартириш бўйича ишлар аҳволи ҳамма вилоят ва туманда ҳам бир хил эмас, дея таъкидлади президент Шавкат Мирзиёев 11 сентябр кунги селекторда.

Давлат раҳбарига кўра, ўтган олти ойда Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё ва Хоразмда камбағаллик 2 фоиздан ортиқ камайган бўлса, Навоий, Сурхондарё, Фарғона ва Тошкент шаҳрида ўзгариш бўлмаган.

Республиканинг 15 та туманида камбағаллик 20 фоиздан юқори. Булар – Амударё, Беруний, Қонликўл, Нукус, Тахтакўпир, Хўжайли, Чимбой, Гулистон, Мирзаобод, Оқолтин, Сардоба, Гурлан, Янгиариқ, Янгибозор ва Тупроққалъа.

Бу туманларда камбағалликни қисқартириш учун уч йилда 1,7 триллион сўмлик арзон кредит ва субсидия берилган бўлсада, ўзгариш бўлмаган.

Аҳолига бўлиб берилган ерлар бўйича 16 та туманда 2-3 мартадан ҳосил олиш ҳисобига камбағаллик 2 карра камайди. Булар – Пахтаобод, Балиқчи, Гурлан, Хонқа, Олтиариқ, Данғара, Конимех, Боёвут, Жомбой, Шофиркон, Ш.Рашидов, Зомин, Шаҳрисабз, Ўртачирчиқ, Бўка, Тахиатош туманлари.

Лекин, 14 та туман – Қонликўл, Шуманай, Қоровулбозор, Пешку, Чироқчи, Муборак, Нуробод, Оқолтин, Музработ, Бандихон, Қизириқ, Оҳангарон, Паркент, Тупроққалъада ўзгариш сезилмаяпти.

Туман ҳокимлари, уларнинг иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарларига бу борадаги фаолияти сустлиги бўйича қатъий эътироз билдирилди.

Мавзуга оид