Жаҳон | 16:15 / 12.09.2024
2886
3 дақиқада ўқилади

«Союз МС-26» кемасининг Россия ва АҚШдан бўлган экипажи ХКСга етиб борди

Бойқўнғир космодромидан ХКСга парвоз тахминан 3 соат-у 10 дақиқа давом этди. Кема орбитада 202 кун қолади, деб хабар бермоқда «Роскосмос».

Фото: Natalya Berezhnaya/Roscosmos space corporation/AP

«Роскосмос» давлат корпорациясининг бошқариладиган «Союз МС-26» космик кемаси автоматик равишда Халқаро космик станция (ХКС)нинг «Рассвет» модулига туташди, деб хабар берди «Роскосмос» матбуот хизмати 11 сентябр, чоршанба куни кечқурун.

Транспорт кемаси бортида - «Роскосмос» космонавтлари Алексей Овчинин ва Иван Вагнер, шунингдек, NASA астронавти Доналд Петтит бор. Қайд этилишича, «Союз-2.1а» ракетаси Москва вақти билан соат 19:23 да Бойқўнғир космодроми 31-майдонидан учирилган. Соат 19:32 да (Москва вақти билан) «Союз МС-26» бошқариладиган транспорт космик кемаси ракетанинг учинчи босқичидан ажралиб, ХКС томон йўл олди. ХКС билан туташиш соат 22:32 да (Москва вақти билан) амалга оширилди.

Бошқариладиган космик кеманинг парвози жуда тез икки орбитали яқинлашув схемаси бўйича амалга оширилди ва тахминан 3 соат-у 10 дақиқа давом этди. «Роскосмос» маълумотларига кўра, космик кема орбитада 202 кун қолади. Экипаждан ташқари, у станцияга 130 кгга яқин юк, жумладан, илмий тажрибалар ўтказиш учун ускуналар, космонавтларнинг шахсий буюмлари, фото ва видео ускуналарни етказиб берди.

«Роскосмос» ва NASA ўртасида ўзаро парвозлар бўйича келишув

NASA астронавти Доналд Петтит Россия Федерацияси ва АҚШ ўртасидаги ўзаро парвоз шартномаси асосида ХКСга йўл олди. Ҳужжат «Роскосмос» ва NASA томонидан 2022 йил июл ойида имзоланган. Бу 2022 йилдан 2024 йилгача бўлган даврда уч россиялик космонавтни Crew Dragon Америка бошқариладиган космик кемасида ва учта америкалик космонавтни Россиянинг «Союз МС» бошқариладиган космик кемасида ХКСга етказишни ўз ичига олади. 

«Роскосмос»нинг бошқариладиган дастурлар бўйича ижрочи директори Сергей Крикалевга таяниб, «Интерфакс» агентлиги қўшимча келишув 2025 йилгача ХКСга яна иккита ўзаро парвозни назарда тутиши ҳақида хабар берди.

Ҳозир ХКСда кимлар ишламоқда?

Ҳозирда ХКСда «Роскосмос» космонавтлари Олег Кононенко, Николай Чуб ва у ерга Россиянинг «Союз МС» космик кемасида келган NASA астронавти Трейси Дайсон, шунингдек, Crew-8 миссияси экипажи - «Роскосмос» космонавти Александр Гребенкин ва NASA астронавтлари Мэттю Доминик, Майкл Барратт и Женнет Эппс ишламоқда.

Бундан ташқари, NASA астронавтлари, июн ойи бошида Американинг янги Starliner кемасининг синов парвози доирасида келган Бэрри Уилмор ва Сунита Уилямс станцияда. 

Мавзуга оид