Жаҳон | 15:51 / 14.09.2024
2735
3 дақиқада ўқилади

Россия Марказий банки асосий ставкани 19 фоизгача оширди

Россия Федерацияси тарихида Марказий банкнинг асосий ставкаси фақат бир марта - Украинага қарши уруш 4-кунида 19 фоизлик кўрсаткичдан юқори бўлган.

Фото: AP

Россия банки (Россия Федерацияси Марказий банки) асосий ставкасини йиллик 18 фоиздан 19 фоизгача кўтарди. Бу ҳақда 13 сентябр, жума куни регуляторнинг расмий сайтида чоп этилган пресс-релизда айтилади. Шундай қилиб, қайта молиялаш ставкаси Россия тарихидаги рекорд даражага яқинлашди. Фақат бир марта, 2022 йил 28 февралда, Россиянинг Украинага қарши уруши тўртинчи кунида Марказий банк уни йиллик 20 фоизга оширганди.

Асосий ставка яна кўтарилиши мумкин

Матбуот учун хабарда қайд этилишича, Марказий банк бошқарувининг асосий ставка даражаси тўғрисидаги масала кўриб чиқиладиган навбатдаги йиғилиши 2024 йил 25 октябрга белгиланган.

Россия Федерацияси Марказий банки раҳбари Элвира Набиуллинанинг сўзларига кўра, сўнгги йиғилишда ставкани дарҳол 20 фоизга ошириш ва уни ҳозирги даражада сақлаб қолиш имкониятини ҳам муҳокама қилишган. Аввалги марта асосий ставка 2024 йил июл ойи охирида 18 фоизга кўтарилган эди.

Россияда инфляция кутилганидан ошиб кетди ва Россия иқтисодиёти ўсиши секинлашди

«2024 йил охирида йиллик инфляция июл ойидаги прогноз оралиғидан 6,5-7,0 фоиз ошиб кетиши мумкин», — дейилади Марказий банк матбуот хабарида. Унда таъкидланганидек, «ички талабнинг ўсиши ҳали ҳам товарлар ва хизматлар таклифи имкониятидан сезиларли даражада ошиб кетяпти». Шу муносабат билан, Россия банки «пул-кредит сиёсатини қўшимча равишда қатъийлаштириш талаб этилади», деб ҳисоблайди, бу кўрсаткичнинг 4-4,5 фоизгача бўлган кўрсаткичга қайтишини таъминлаш учун «дезинфляция жараёнини қайта тиклаш» ва «инфляция кутилмаларини камайтириш» керак. Набиуллинанинг таъкидлашича, инфляцияни ушбу кўрсаткичга тушириш учун Россия банки «қаттиқроқ чоралар кўришга, шу жумладан асосий ставкани оширишга тайёр». Август ойида Россия Федерациясида жорий нархларнинг ўсиши йиллик ҳисобда 7,6 фоизни ташкил этди.

Шу билан бирга, Марказий банк маълумотларига кўра, 2024 йилнинг иккинчи чораги учун Россия ЯИМ маълумотлари ва «июл-август ойларидаги операцион кўрсаткичлар» Россия иқтисодиёти ўсиши секинлашувидан далолат беради. «Ушбу секинлашув, биринчи навбатда, ички талабнинг совиши билан эмас, балки таклиф томонидаги чекловлар кучайиши ва ташқи талаб пасайиши билан боғлиқ», дейилади пресс-релизда. 

Мавзуга оид