— Россия-Украина урушида томонларнинг ўзаро ҳужумлари қандай тус оляпти?
Камолиддин Раббимов: 14 октябр куни Украина Учинчи армияси корпуси вакили “Вивалди” операциясининг кузги босқичи муваффақиятли якунланганини маълум қилди. Унинг айтишича, Украина армияси Россиядан 277 квадрат километр ҳудуд ва 16 та аҳоли пунктини қайтариб олган. Россия Украинанинг тўртта ҳудудини ўз конституциясига киритиб қўйган. Аммо қоғозда Россияники деб эълон қилинган ҳудудларнинг барчаси ҳам амалда унинг назоратида эмас. Владимир Путиннинг асосий шарти эса Донбасс билан боғлиқ: Россия бу ҳудудни ўзи эгаллаши ёки Украина уни топшириши керак, шундагина уруш тугаши мумкин.
Украина эса Донбассни беришга принципиал равишда қарши туриб, бор имконияти ва ресурсларини шу йўналишга сафарбар қилмоқда. Демак, Донбасс, хусусан, Лиман атрофидаги жанглар Россия ва Украина учун урушнинг энг муҳим нуқталаридан бири ҳисобланади. Қайтариб олингани айтилаётган 16 та аҳоли пункти шуниси билан эътиборлики, чарчаган, ҳарбий ресурслари чекланган ва АҚШ ёрдами борасида ноаниқликларга дуч келаётган Украина ҳам айрим ҳудудларни Россиядан қайтариб олишга муваффақ бўлмоқда.
Бугунги урушнинг муҳим хусусиятларидан бири — эскалация орқали босим ўтказиш. Фронт чизиғида томонларнинг ҳеч бири ҳал қилувчи устунликка эриша олмаяпти. Украина эгаллаб олинган ҳудудларни тезда тўлиқ қайтариб ололмаяпти, Россия эса Донбасснинг қолган қисмини тўлиқ босиб олишга қийналмоқда. Шундай вазиятда томонлар фронт ортидаги нишонларга зарба бериш орқали бир-бирига босимни кучайтиришга уринмоқда. Украина Россиянинг нефт корхоналари ва маълумотлар марказларига ҳужум қилмоқда. Россия эса Киев ва бошқа ҳудудларга зарбалар бермоқда, айрим ҳолларда атом электр станциялари билан боғлиқ объектлар ҳам нишонга олинмоқда.
Бундай ҳаракатлардан кўзланган мақсад — фронтда эришилмаган натижага бошқа йўллар билан эришиш, рақибнинг иқтисодий имкониятларини заифлаштириш ва унинг ички барқарорлигига таъсир кўрсатиш. Томонлар шу тариқа рақиб жамиятида норозиликни кучайтириш, аҳолини ҳукуматдан норози қилиш ва сиёсий босимни оширишга уриниши мумкин. Бу урушларга хос янги ҳодиса эмас, бироқ бугунги эскалацион урушларда фронт ортига зарбалар бериш ва ижтимоий норозиликни кучайтириш — рақибни ён беришга мажбурлаш воситаларидан бирига айланмоқда.
Абдували Сойибназаров: Лиман шаҳри Россия назоратидан чиққани ҳақидаги маълумотларга қўшилмайман. Украина Донбассдаги катта кучларини шу йўналишга сафарбар қилиб, Лиман атрофидаги ўрмон ҳудудларини эгаллаган бўлиши мумкин. Бироқ Лиман шаҳрининг асосий қисми ҳамон Россия назоратида. Иккинчи масала — Россия Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимовнинг Путинга берган ҳисоботи. Унда Донбасс билан Днепропетровск вилояти чегарасидаги муҳим шаҳарлардан бири бўлган Добропилля эгаллангани айтилмоқда. Аммо бу маълумот ҳам шубҳали. Россия матбуоти ва Z-блогерлар ҳам аввал бир неча бор расмий хабарларни танқид қилган.














