Жаҳон | 13:50 / 17.09.2024
2603
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссар Бретон фон дер Ляйеннинг босими туфайли ЕКни тарк этди

Франциялик еврокомиссар Терри Бретон янги Европа комиссияси таркибига киришдан бош тортди, чунки идора раҳбари Урсула фон дер Ляйен Париждан унинг номзодини алмаштиришни талаб қилди.

Фото: OLIVIER HOSLET / EPA

Европа Иттифоқида Франциядан комиссар Терри Бретон яқин кунларда аъзолари номи маълум қилинадиган янги Европа комиссияси (ЕК) таркибига кирмаслигини айтди. Қарорга сабаб унинг Еврокомиссия раиси, Германия вакили Урсула фон дер Ляйен билан можароси, деб хабар қилди 16 сентябр, душанба куни X ижтимоий тармоғида ички бозор бўйича Европа комиссари.

Бретоннинг сўзларига кўра, фон дер Ляйен бир неча кун аввал Франция ҳукуматини Еврокомиссиянинг янги таркибини шакллантириш жараёнида номзодини қайтариб олишга мажбурлаш чораларини кўришга чақирган. Шу билан бирга, у Парижга Франциянинг янги вакилига ЕИда Бретон эгаллагандан кўра кўпроқ нуфузли лавозимни тақдим этишни таклиф қилди, дейилади Бретон X'да эълон қилинган Еврокомиссиядан истеъфога чиқиш тўғрисидаги мактубда.

Бретон фон дер Ляйеннинг ҳаракатлари «шахсий сабаблар» билан боғлиқлигини ва у билан муҳокама қилинмаганлигини таъкидлади. Аввалроқ Франция президенти Эммануэл Макрон янги ЕК таркибига Бретон номзодини илгари сурган эди.

Франция ТИВ раҳбари Сежурне номзодини еврокомиссар лавозимига таклиф қилди

Бретоннинг янги Еврокомиссияга аъзо бўлишдан бош тортгани ҳақидаги баёнотидан сўнг Франция унинг ўрнига ташқи ишлар вазири Стефан Сежурнени таклиф қилди. Франциянинг амалдаги ташқи ишлар вазири Европа комиссари лавозимига Европа ишларига фаол аралашгани учун мос келади, дея маълум қилди Елисей саройи. Сежурне Брюсселда «саноат суверенитети ва Европа рақобатбардошлигини» ҳимоя қилади, дейилади баёнотда.

ЕК янги таркиби ёзда бўлиб ўтган Европа парламентини шакллантириш жараёнидан сўнг шу ҳафтада эълон қилинади. Июл ойи ўрталарида европалик парламентарийлар ўзларининг биринчи сессиясида Европа институтлари юқори лавозимли амалдорларини тайинлашни маъқулладилар. Хусусан, Германия консерватив Христиан-демократик иттифоқи вакили фон дер Ляйен иккинчи муддатга Европа комиссияси раҳбари этиб қайта сайланди.

Мавзуга оид