Жаҳон | 16:22 / 21.09.2024
5248
3 дақиқада ўқилади

Роберт Кеннедига қарши тергов бошланди, у 30 йил аввал китнинг бошини узганликда гумонланмоқда

Бундан 12 йил аввал кичик Кеннедининг қизи отаси 1994 йилда “моторли арра билан ўлик китнинг бошини узиб олгани” ва уни уйга олиб кетгани ҳақида айтиб берганди. Энди сиёсатчига қарши тергов бошланди. АҚШда қонун билан ҳимояланган ҳайвонларга эгалик қилиш тақиқланади.

Фото: Getty Images

Америка ҳуқуқ-тартибот идоралари АҚШ президентлигига собиқ номзод кичик Роберт Кеннедига нисбатан тергов бошлади: сиёсатчи 30 йил аввал ўлик китнинг бошини арра билан узиб олиб, уйига олиб кетганликда гумонланмоқда, деб ёзади Associated Press АҚШ денгиз балиқчилиги миллий хизмати баёнотига таяниб.

2012 йилда сиёсатчининг қизи Кетлин Кеннеди Town and Country журналига берган интервюсида, 1994 йилда отаси уни Атлантика океанидаги Ҳаяннис портига олиб боргани ва у ерда қирғоққа чиқиб қолган китни кўришгани ҳақида айтиб берган.

Ўша пайтда жонивор аллақачон нобуд бўлганди. Кичик Кеннеди “моторли аррани олиб, китнинг бошини кесиб олди ва уни оилавий мини фургоннинг томига ортди”, сўнгра Ню-Йорк штати, Маунт Киско шаҳридаги уйига томон беш соат йўл босди, дейди қиз ўз ҳикоясида.

“Ҳар сафар катта йўлда тезликни оширганимизда, автомобил ойнасига кит жасадининг суви сачрарди, бу дунёдаги энг жирканч нарса эди. Ҳаммамиз бошимизга фақат оғиз қисми тешик полиэтилен пакетлар кийиб олгандик, автомагистралдаги одамлар бизга ўрта бармоқларини кўрсатишарди, лекин биз учун бу одатий ҳол эди”, — деб эслади Кетлин.

14 сентябр куни Кичик Кеннеди Аризона штатида Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Доналд Трамп тарафдорлари митингида уни 30 йил олдинги кит воқеаси учун жавобгарликка тортишмоқчи эканлигини айтди.

У қонунни бузганини тасдиқламади ҳам, инкор ҳам этмади, аммо бу тергов унинг Трампни қўллаб-қувватлашига алоқадорлигини таъкидлади. Кичик Кеннеди, шунингдек, ушбу ҳолат бўйича айб қўйиш муддати аллақачон ўтиб кетганини айтди.

АҚШда қонун билан ҳимояланган ҳайвонларнинг, хоҳ тирик бўлсин, хоҳ ўлик, ҳар қандай қисмига эгалик қилиш ноқонуний ҳисобланади.

Кичик Кеннеди АҚШ президентлигига мустақил номзод сифатида даъвогарлик қилаётганди. Август ойининг охирида у ўз сайловолди кампаниясини тўхтатиб, Трампни қўллаб-қувватлади. АҚШда президент сайлови 5 ноябр куни ўтказилади.

Мавзуга оид