Жаҳон | 14:07 / 10.09.2024
3234
3 дақиқада ўқилади

Полиция: «Жосус»-кит Хвалдимир отиб ўлдирилмаган

Яқинда Норвегия қирғоқларида ўлик ҳолда топилган Хвалдимир лақабли белуга кити ўлдирилмаган бўлиши мумкин, деб хабар берди маҳаллий NRK телеканали полицияга таяниб. Китнинг оғзидан узун таёқ топилган.

Фото: JORGEN REE WIIG / AP / SCANPIX

Норвегия полицияси томонидан ўтказилган экспертизадан олинган дастлабки хулосаларга кўра, яқинда Норвегия қирғоқларида ўлик ҳолда топилган Хвалдимир лақабли машҳур 4 метрли белуга кити илгари ўйлангандек ўлдирилмаган. Бу ҳақдаги маълумотни 9 сентябр, душанба куни Норвегия полициясига таяниб маҳаллий NRK телекомпанияси эълон қилди.

«Ёриб кўриш унинг ошқозони бўш эканлигини кўрсатди. Бундан ташқари, аксарият органлар ишламай қолган. Текширувларда айнан Хвалдимирнинг ўлимига бевосита инсон фаолияти сабаб бўлганлигини аниқлайдиган ҳеч нарса топилмади», - деди Сёр-Вест округи полициясининг Шимолий денгиз бўлими раҳбари Амунд Приде Ревхейм. Унинг аниқлик киритишича, Хвалдимир оғзидан узунлиги 35 сантиметр ва кенглиги тахминан 3 сантиметр бўлган таёқ топилган. «Якуний отопция ҳисоботи мавжуд бўлганда, барча аломатлар ишнинг тўхтатилишини кўрсатади», дея қўшимча қилди Ревхейм.

NRK таъкидлашича, ёриб кўришни Санднесдаги Норвегия ветеринария институти амалга оширган. Айтилишича, китнинг танасида отишма сабаб бўлмаган «юзаки» жароҳатлар бор. Ушбу фактдан келиб чиққан ҳолда, полиция ишни фаол равишда тергов қилмоқчи эмас. Ветеринария институти ўлим ҳақидаги якуний ҳисобот икки ҳафта ичида тайёр бўлишини эълон қилди. 

Ҳайвонларни ҳимоя қилиш ташкилоти: Россия «жосус»-кити отиб ўлдирилган

Бир неча йил аввал Россия фойдасига жосусликда гумон қилинган Норвегиядаги машҳур Хвалдимир лақабли белуга китининг жасадида ўқ жароҳатлари топилди. Бу ҳақда 4 сентябр куни OneWhale ҳайвонларни ҳимоя қилиш ташкилоти маълум қилди. «Мен охирги беш йил давомида Хвалдимир билан биргаман ва уни жуда яхши биламан. Унинг жасадини кўрганимда, ўқдан ўлдирилганини дарҳол англадим. Ҳатто унинг танасига ўқ тиқилиб қолганини ҳам кўрдим», - дейди OneWhale асосчиси Регина Хауг. У бу ҳайвон учун «адолат излашини» қўшимча қилди.

OneWhale ва NOAH Норвегия полициясига шикоят қилиб, тергов бошланишини талаб қилишди. Баёнотда айтилишича, ўқ жароҳатлари борлиги ветеринар, биолог ва баллистика мутахассислари томонидан тасдиқланган. 

Хвалдимир Россия билан қандай боғлиқ эди?

Хвалдимир (норвежча «хвал» сўзидан кит деган маънони англатади ва Россия президентининг исми «Владимир») 2019 йилнинг баҳорида, Норвегия қирғоқларида биринчи марта пайқалди. Белуга танасида инглиз тилида «Инвентарь Ст.-Петербург» ёзуви бўлган махсус ип бор эди. Шу муносабат билан, кит ҳарбий мақсадларда фойдаланиш учун Россия ҳарбий-денгиз флотида ўргатилган, аммо кейин волердан қочиб кетган деган тахминлар пайдо бўлди. 

Хвалдимирнинг ўлиги 2024 йил 31 августда топилган. Турли маълумотларга кўра, у 15 ёшдан 20 ёшгача бўлган, гарчи белуга китларининг ўртача умр кўриш муддати 30 йилдан ошади.

Мавзуга оид