Жаҳон | 11:30 / 21.09.2024
3054
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Украинага 35 млрд евро тақдим этади

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Киевда Украинага 35 миллиард евро миқдорида пул ажратилишини маълум қилди, уни Европа Иттифоқи музлатиб қўйилган Россия активларидан тушган даромаддан молиялаштирмоқчи.

Фото: AFP

Европа Иттифоқи Украинага 35 миллиард еврогача пул бермоқчи, у Россиянинг музлатилган активларидан тушган маблағ ҳисобидан молиялаштирилади. «Энди биз Украинага Россиянинг музлатилган активларидан келадиган даромад ҳисобига қопланадиган ушбу маблағни жуда тез тақдим эта олишимизга ишончимиз комил», деди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Киевда 20 сентябр, жума куни Украина президенти Володимир Зеленский билан қўшма матбуот анжуманида. 

Фон дер Ляйен айтишича, Россиянинг кунлик ҳужумлари Украина Европа Иттифоқининг доимий ёрдамига муҳтожлигини кўрсатмоқда. «Европа комиссияси G7 мажбуриятлари доирасида Украинага 35 миллиард еврогача пул ажратади», — деб ёзди фон дер Ляйен X ижтимоий тармоғида.

AFP хабар беришича, сиёсатчи кеча эрта тонгда Украина пойтахтига етиб келган. У кетишидан олдин фон дер Ляйен Европа Иттифоқи Украинага келгуси қишда фавқулодда гуманитар эҳтиёжларни қондириш учун яна 160 миллион евро ажратишини эълон қилди. Ушбу пулнинг 100 миллиони музлатилган Россия активларидан тушадиган маблағдан йўналтирилади. «Россия ўзи келтирган вайронагарчилик учун тўлаши адолатдан», — деди Еврокомиссия раҳбари.

ЕИ Украинага иситиш мавсумидан ўтишда ёрдам беради

Европа Иттифоқи ҳисоб-китобларига кўра, Украина энергетика инфратузилмасининг ярмига яқини вайрон бўлган, бу эса уйлар, шифохоналар ва мактабларни иситишни қийинлаштиради. Россия Украинанинг тахминан 9 гигаватт энергетика инфратузилмасини ишдан чиқарди, фон дер Ляйен. Бу, унга кўра, «уч Болтиқбўйи мамлакатининг энергия эквивалентини» ифодалайди. «Иссиқлик мавсуми икки ҳафтадан сўнг бошланади, Россиянинг Украина фуқаролик энергетика инфратузилмасига қилган шафқатсиз ҳужумлари максимал зарар етказишга қаратилган. Биз Украинани бу вазиятдан чиқишда қўллаб-қувватлаймиз», — деди Еврокомиссия раҳбари.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид