Президент Шавкат Мирзиёев қурилиш индустрияси ва қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор ўтказди.
Қурилишда яширин иқтисодиёт даражаси юқори
Мамлакатимизда сўнгги 7 йилда қарийб 100 миллиард долларлик қурилиш ишлари бажарилди. Президент таннарх, сифат ва қурилиш маданияти энг долзарб масала бўлиб қолаётанини қайд этди.
Йиғилишгача 400 га яқин ишлаб чиқарувчи, қурувчи ва лойиҳа ташкилотларининг фикри ўрганилди. Уларнинг кўпчилиги соҳадаги бюрократия ва ортиқча харажатлар, маҳсулотлар таннархи ва сифатига эътироз билдирган.
Тадбиркорларга тўғри шароит яратиб берилса, уларнинг ўзи шаффоф ишлашдан манфаатдор. Тадбиркорлар рейтинги жорий қилингандан кейин, 11 мингта қурувчи ва ишлаб чиқарувчи қуйи ўриндан юқори ва ўрта ўринга кўтарилди. Улардаги 90 мингта иш ўрни “соя”дан чиқди, ўртача ойлик 1,4 баробар ошди. Лекин соҳада яширин иқтисодиёт юқорилигича қолаётгани қайд этилди.

Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда эришилган натижалар
Қайд этилишича, сўнгги 7 йилда қурилиш материаллари соҳасига 9 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 5 мингга яқин янги корхона ишга тушди, 94 мингта доимий иш ўрни яратилган.
Ишлаб чиқариш 2 карра ўсди, йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошган корхоналар 150 тадан ошди. Сўнгги беш йилда қурилишлар ҳажми ҳам 2 баравар кўпайди.
Шу билан бирга, 650 миллион долларлик янги маҳсулотларни ўзлаштириш ҳисобига қурилишдаги импорт улушини 31 фоиздан 25 фоизга туширишга эришилди. Қурилиш материаллари экспорт бозори ҳам 58 тага етди, хорижда 20 дан ортиқ савдо омборлари, 50 дан зиёд савдо дўконлари очилди.

Янги йўналишлар
Салоҳияти, маҳсулотига бозорда талаб юқори бўлган ушбу соҳа учун бу кўрсаткичлар камлиги кўрсатиб ўтилди. Биргина қўшниларимизнинг ўзи бизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган 2 миллиард долларлик қурилиш материалларини бошқа давлатлардан импорт қиляпти.



















