Жаҳон | 10:10 / 03.10.2024
3122
2 дақиқада ўқилади

Германияда ўта хавфли Марбург вируси аниқланган бўлиши мумкин

Бир кун аввал Руандадан келган тиббиёт факултети талабаси ва унинг дўсти Ҳамбург марказий вокзалидан ўта хавфли Марбург вирусини юқтирганлик белгилари туфайли зудлик билан эвакуация қилинди.

Фото: Lenthe Medien/dpa/picture alliance

Марбург вируси билан касаллангани тахмин этилган икки йўловчи зудлик билан Ҳамбург марказий вокзалидан эвакуация қилинди. 2 октябр, сешанба куни dpa агентлигининг хабар беришича, касаллик аломатларини сезган тиббиёт йўналиши талабаси ва унинг севгилиси кейинги тиббий кўрикдан ўтиш учун Ҳамбург-Эппендорф университети касалхонасига олиб кетилган.

Жуфтлик Ҳамбургга Франкфурт-Майн шаҳридан ICE тезюрар поездида етиб келишди. Йўлда иккаласида ҳам гриппга ўхшаш аломатлар пайдо бўлди. Илгари талаба Руандага ташриф буюрган ва у ерда шифокорлар кейинчалик Марбург вирусини юқтирган деб ташхис қўйган бемор билан алоқада бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, поездда вирус ташувчиси бўлган 200 га яқин йўловчи бўлган. Уларнинг алоқа маълумотлари полиция томонидан карантин чоралари учун тўпланган.

ЖССТ Марбург вируси эпидемияси хавфи ҳақида огоҳлантирди

Сентябр ойи охирида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Руандада Марбург вируси эпидемияси авж олгани ҳақида баёнот берди. Руанда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 29 кишида инфекция ҳолатлари тасдиқланган, улардан 10 нафари вафот этган. Тасдиқланган ҳолатларнинг 70 фоиздан ортиғи Руанда пойтахти Кигали шаҳридаги иккита тиббиёт муассасасининг тиббиёт ходимларида кузатилган. Айни пайтда глобал миқёсда вирус тарқалиш хавфи паст даражада баҳоланмоқда, дея таъкидлади ЖССТ.

Марбург вируси ифлосланган суюқликлар билан бевосита алоқа қилиш орқали юқади. Касаллик кучли геморрагик иситма билан кечади ва 88 фоиз ҳолларда ўлимга олиб келади. Инкубация даври 2 кундан 21 кунгача давом этади. Вирус ўз номини Германиянинг Марбург шаҳридан олган, у ерда 1967 йилда лаборатория ходимлари Угандадан лабораторияга олиб келинган маймунларни ёриб кўриш пайтида уни юқтириб олган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид