Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Энг хавфли пляжлардан бири: Исландиядаги қора қумли соҳилда сайёҳларни нима кутади?
Рейнисфяра пляжи диққатга сазовор жой сифатида сайёҳларни ўзига тортади, аммо у кўплаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган.
Исландия ҳайратланарли музликлар ва вулқонлар макони, бироқ бутун дунёдаги каби у ерда ҳам ўзига хос хавф-хатарлар мавжуд. Гап фақат вулқонлар фаоллиги ҳақида эмас. Масалан, қора қумли соҳил сифатида танилган Рейнисфяра пляжи кўплаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган, деб хабар берди IFLScience.
Сирли қора соҳил Исландиянинг жанубий қирғоғида жойлашган бўлиб, сайёҳларни ўзига тортадиган диққатга сазовор жой ҳисобланади. У ҳатто машҳур “Тахтлар ўйини” сериалида ҳам намойиш этилган.
Мамлакатдаги аксарият пляжлар сингари Рейнисфяра ҳам қор қум билан қопланган, бу ранг вулқонлар отилиши натижасида ҳосил бўлган. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, пляждаги қум аслида майда базалт бўлакларидан иборат, улар вулқон кулидан ташкил топган тепаликларгача чўзилиб кетган.
Рейнисфяра пляжи бу қадар танилганига яна бир сабаб шундаки, бу ерда “уйқудаги тўлқинлар” деб ҳам аталадиган кроссер тўлқинлари кузатилади. Гап шундаки, бу тўлқинлар чиндан ҳам “кутилмаганда ёпирилиши” мумкин — улар майдароқ тўлқинлар орасига яшириниб келади ва тўсатдан зарба беради. Улар тез кўтарилиб, пляж бўйлаб кутилганидан анча узоққа боради.
Агар бу пайтда бирор киши қирғоққа жуда яқин бўлса, чинакам муаммо юзага келади. Тўлқин кучидан йиқилган одам ўрнидан туриб, яна мувозанатга келиш қийин. Олимларнинг таъкидлашича, тўлқин ҳосил қилган сўрилиш одамни тортади ва унинг оёқлари остидаги қум-шағалларни ювиб кетади. Одам сувга тушиши билан оқим уни қирғоқдан узоқлаштириб кетади. Бу ҳолатда, афсуски, уни қутқариш учун ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Айнан шу сабабли, мазкур пляж дунёдаги энг хавфли пляжлардан бири деган номни олган.
Статистик маълумотларга кўра, 2014 йилдан 2022 йилгача пляжда 12 та жиддий ҳодиса юз берган ва уларнинг бештасида одамлар ҳалок бўлган. Инсонлар ўлимининг олдини олиш мақсадида маҳаллий ҳокимият органлари ташриф буюрувчилар учун бир нечта огоҳлантирувчи белгиларни ўрнатди, шунингдек, пляждаги ҳудудларни ажратиш тизими жорий қилинди.
Муайян ҳудудга кириш мумкин ёки йўқлиги светофорга ўхшаш чироқлар серияси билан аниқланади. Бу чироқлар хавф даражасини кўрсатади:
- яшил — кириш мумкин;
- сариқ — кириш мумкин эмас;
- қизил — белги доирасидан ичкарига кириш ёки ташқарига чиқиш тақиқланади.
Аммо баъзида одамлар бундай огоҳлантиришларга эътибор бермайди. Масалан, 2023 йилда бир гуруҳ сайёҳлар томонидан суратга олинган видео тармоқда кенг тарқалди. Тасвирларда кўринишича, улар қирғоққа ҳаддан ташқари яқин тургани сабабли, оқим уларни оқизиб кетишига бир бахя қолган.
Мавзуга оид
21:07 / 28.05.2026
Швейцария энг қиммат мамлакат мақомини бошқа давлатга бой берди
18:50 / 20.01.2026
Австралияда акулалар ҳужумидан кейин ўнлаб пляж ёпилди
21:50 / 21.10.2025
Исландияда биринчи марта қон сўрувчи чивинлар топилди
21:25 / 03.06.2025