Эрон олий раҳнамоси, оятуллоҳ Али Хоминаий жума куни Теҳрондаги имом Ҳумайний номидаги масжидда ўн минглаб кишилар қаршисида нутқ сўзлаб, Эроннинг Исроил бўйлаб сўнгги ракета зарбасини «аниқ, мантиқий ва қонуний» деб атаган.
Унинг сўзларига кўра, агар керак бўлса, мамлакат бундай ҳаракатларни такрорлашга тайёр, деб ёзди AP.
85 ёшли Хоманаий Эроннинг Исроилга ракета ҳужумини Қуролли кучларнинг «ажойиб иши» деб атади.
Хоминаий камдан кам ҳолларда бундай чиқиш қилади — ва амалда жамоатчилик олдида кўриниш бермайди. У сўнгги бор 2020 йилда, Бағдод аэропорти яқинида эронлик генерал Қосим Сулаймоний америкаликлар авиазарбаси оқибатида ҳалок бўлганида жума намозида имомлик қилиб, нутқ сўзлаганди. Эрон ўшанда бунга Американинг Ироқдаги ҳарбий базаларига ракета зарбалари билан жавоб қайтарганди.
Хоминаийнинг олдинги шу каби чиқиши эса 2012 йилда кузатилганди.

Эрон олий раҳнамоси бу сафарги нутқида Исроил бўйлаб ракета ҳужумини ушбу мамлакатнинг «даҳшатли жиноятлари» учун «минимал жазо» деб атаган. У шунингдек Исроилни «вампир» режим атаган, АҚШга эса «ақлдан озган ит» ёрлиғини ёпиштирган.
У Исроил ҳудудлари бўйлаб зарбалар «халқаро ҳуқуқ, мамлакат қонунлари ва исломий эътиқодларга асослангани»ни айтди ва «Афғонистондан Ямангача, Эрондан Ғазогача» бўлган давлатларни душманга қарши чора кўришга тайёр бўлишга чақирди.
1 октябр куни Эрон ҳарбийлари Исроил бўйлаб ёпирилма ҳужум амалга ошириб, 200 га яқин баллистик ракета учиргани. Исроил армиясига кўра, амалда уларнинг барчаси уриб туширилган, бир неча исроиллик енгил тан жароҳати олган. Ракета парчалари қулаши оқибатида Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги оккупация қилинган ҳудудда бир фаластинлик ҳалок бўлган.
Эрон армияси Исроил бўйлаб зарбани Ливандаги эронликлар томонидан қўллаб-қувватланадиган шиаларнинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ўлимига жавобан амалга оширди. У бир неча кун олдин исроилликлар «Ҳизбуллоҳ»нинг Байрут жанубидаги марказий штабига йўллаган авиазарба қурбони бўлганди.
Эрон олий раҳнамоси форс тилида сўзлашади ва чиқишларида шу тилдан фойдаланади. Аммо жума кунги нутқининг бир қисмида у Ливан ва Фаластин ҳудудларидаги тарафдорларга мурожаат қилиш учун араб тилида гапирган.



















